QALAMPIR.UZ Қорабоғда арман истилоси даврида молхонага айлантирилган масжидга борди. Эксклюзив фоторепортаж
Олам
−
03 Июнь 2021
14276Аввалроқ, QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ва фотограф Камолиддин Заидов (@canoniy) Озарбайжонда Қорабоғ уруши оқибатлари билан танишаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар форумининг Бакуда жойлашган Евросиё минтақавий маркази кўмагида амалга оширилаётган “Show me Azerbaijan” лойиҳасида иштирок этаётган QALAMPIR.UZ жамоаси 30 йиллик Арманистон ишғолидан озод қилинган Қорабоғ ерларига борди. Улар Ағдам шаҳридаги XIX асрга оид тарихий масжидда бўлдилар.
“Кўрганларимдан ҳайратдаман. Инфратузилмаси ишдан чиққан, чўлга айланган ҳудудда келдик. Узоқдан деворлари нураган бино кўринди. Минораларидан ўша тарихий масжидлиги билиниб турарди. Аммо, аҳволи хароб эди. Мен бугунгача бундай аҳволдаги масжидни кўрмаганман”, дейди QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова.
Ағдам шаҳридаги Жума масжиди 1868-1870 йилларда меъмор Кербалай Сефи-хон Қорабоғи томонидан қурилган. Унда Қорабоғ минтақасидаги масжидларга хос равишда икки қаватдан иборат деразалар мавжуд. Шифти эса бир неча гумбазлар билан қопланган.
1992 йилда Хўжали арманлар томонидан босиб олинганидан кейин, 200 кишининг жасади ушбу масжидга жойлаштирилган. Яна бошқа манбаларга кўра, масжидга 477 жасад олиб келинган.
Қорабоғ уруши пайтида Ағдам шаҳри буткул вайрон қилинди. Шаҳардаги бинолар орасида масжид Ағдамда сақланиб қолган ягона бинодир. Аммо унинг аҳволи ҳам хароб. Масжидда йиллар давомида чўчқа ва моллар боқилган. Буни 2007 йилда ушбу масжидда бўлган россиялик журналист Андрей Галафеевнинг сўзлари ҳам исботлайди.
“Масжидга боришдан олдин, биз яна ҳарбий хизматчиларга ҳужжатларни кўрсатишимиз керак эди. Улар жуда хушмуомала ва ҳатто бизга қўриқлаб элтиб қўйишни таклиф қилишган. Формадаги зобитларни ўзимиз етиб олишга ишонтирганимиздан кейин, масжидни кўздан кечирдик. Яхшиямки, ҳарбийлар бизга суратга олишга рухсат берди. Лекин бу рухсат фақат масжидга тааллуқли эди. Шу боис мен бирор ҳарбий техника, казарма ёки бошқа нарсаларни суратга олмадим. Бизга масжиднинг ўзи ёқди. Иккита чиройли минора, улардан биттаси тик, айланма зинапояга кўтарилиб, қўшни, иккинчи минорани суратга олдик. Масжид поли кундузи Ағдам харобалари атрофида айланиб юрадиган мол гўнги билан тўлиқ ифлосланган”, деган эди Андрей Галафеев.
QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ҳам россиялик ҳамкасбининг сўзларини давом эттириб, шундай дейди:
“Минг афсуски, масжиддан мол ҳиди анқиб турарди. Албатта, Озарбайжон Ағдамни қўлга киритгандан кейин масжид тозаланган. Лекин бино поли йўқ бўлиб кетган. Оёқ остимизда тупроқ эди. Бу ерга пойабзалларимизни ечиб кирдик”.
Халқаро экспертлар фикрича, масжид атайин молхонага айлантирилган ва бу Озарбайжоннинг ғазабига сабаб бўлган. Шунингдек, Арманистон ҳукумати масжиднинг нураши, эскириши, деворлардаги оятларнинг ўчиб, таниб бўлмас ҳолатга келиб қолишини таъминлаган.
Айни вақтда масжид миноралари ҳам ўпирилиб тушганига гувоҳ бўлиш мумкин. Деворлардаги бўёқлар ва керамик қопламалардан эса асар ҳам қолмаган.
“Озарбайжон томони Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ оммавий ахборот воситаларидан фақат QALAMPIR.UZ’га Қорабоғга келиб, уруш талафотларини ўз кўзи билан кўриш, Ағдамдаги масжидда бўлиш имконини яратиб берганидан миннатдормиз. Бу миллий масс-медиамиз учун ҳам тарихий воқеа. Биз Ағдамда фақат хавфсизлик кучлари кўмаги билан улар белгилаб берган жойлардагина ҳаракатландик. Бизга маълум қилинишича, Арманистон томони ушбу ҳудудларни эгаллаб олган даврларда ер остига миналар ўрнатган ва масжид атрофи ҳам айнан миналанган ҳудудлар сирасига киради. Уруш тугаб, ўртада қўшма баёнот имзоланишига, сулҳ кучга киришига қарамай, Арманистон тарафи Озарбайжонга миналанган ҳудудлар хариталарини бермай келмоқда ва бунинг оқибатида бир неча киши қурбон бўлган. Шу боис Озарбайжон хавфсизлик кучлари журналистларнинг хавфсизлигини таъминлашга энг юқори даражада сафарбар қилинган”, Ағдамда бўлиб турган журналист дейди Феруза Нажмиддинова.
Тоғли Қорабоғ можароси
2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.
Масжид деворларини ўпган Президент
2020 йилнинг 20 ноябрь куни Озарбайжон ҳарбийлари Ағдам шаҳрини эгаллади ва Президент Илҳом Алиев телевидениедаги жонли эфир орқали Ағдам шаҳри ҳудуди тўлиқ Озарбайжон назорати остига ўтганини маълум қилди. Алиевга кўра, Арманистон Ағдамни ўз хоҳиши билан қайтармаганда, шаҳарда махсус қуролли операция ўтказилар эди.
“Урушнинг барча сирларини ошкор қилишга ҳали эрта. Вақт келади, кўп нарса ойдинлашади. Аммо бугун мен айтишим мумкинки, Ағдамдаги операция режалаштирилган эди. Биз барибир Ағдамни озод қилар эдик. Аммо катта йўқотишлар бўлиши мумкин эди”, деган эди Илҳом Алиев.
Озарбайжон Қуролли кучлари Ағдамни эгаллаган кун масжид минтақани Озарбайжон назорати остига ўтказиш режасини муҳокама қилган Россия тинчликпарвар кучлари ва Озарбайжон ҳарбийлари учун олдиндан келишилган учрашув жойига айланди.
Кейинчалик, Озарбайжон ҳарбийлари масжидга кираверишга гилам тўшади, имом масжид минорасидан 27 йил деганда биринчи марта азон чақирди, шундан сўнг ҳарбийлар ва тинч аҳоли навбат билан масжидда намоз ўқишди.
23 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев биринчи хоним – вице-президент Меҳрибон Алиева ва қизи Лейла Алиева билан Ағдам шаҳрига ташриф буюрди. Энг аввало, Президент Илҳом Алиев Ағдам шаҳрининг масжидга яқин ҳудудига ўрнатилган Озарбайжон байроғи қаршисида тиз чўкиб, уни ўпиб, юз кўзига суртди. Сўнг вице-президент Меҳрибон Алиева билан тарихий масжидга йўл олди.
Халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан Арманистон ҳукмронлиги даврида молхонага айлантирилгани ёзилган ва бугун вайронага айланган масжидга Президент Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева пойабзалларини ечиб, оёқяланг кирдилар. Ушбу ҳолат акс этган суратлар Президент Матбуот хизматининг интернет саҳифасига жойлаштирилди. Давлат раҳбари ва унинг рафиқаси масжидга кириш олдидан унинг деворларини ўпишган. Дунё ҳамжияти, айниқса, мусулмон давлатлар халқларининг диққатини тортган ушбу сурат ижтимоий тармоқлар кун тартибига чиқди.
Президент ва рафиқаси масжидда Қуръон оятларини тиловат қилиб, ушбу муқаддас қадамжода Маккадан олиб келинган Қуръони Каримни қолдиришган.
Меҳрибон Алиева раислигидаги Ҳайдар Алиев фондининг кўрсатмаси билан Австриянинг Atelier Erich Pummer GesmbH компанияси раҳбари Эрих Пумпер Ағдам масжидига ташриф буюриб, унинг ҳозирги ҳолатини ўрганиб чиқди ва реставрация қилиш имкониятларини баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Озарбайжонда бўлиб турган QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Ганжа шаҳри марказида Арманистоннинг баллистик ракетаси вайрон қилган ҳудудни кўздан кечирган эди.
QALAMPIR.UZ’нинг Озарбайжонга, жумладан Қорабоғга сафари давом этади. Сайтимизни ва Instagram саҳифамизни кузатиб боринг ҳамда 30 йиллик можаролар оқибатларига гувоҳ бўлинг. Таъкидлаймиз, бугунгача ушбу ҳудудларга QALAMPIR.UZ’дан бошқа ҳеч бир Ўзбекистон оммавий ахборот воситаси ходими етиб бормаган.
Суратлар муаллифи Камолиддин Заидов
LiveБарчаси