Уруш талафотлари: QALAMPIR.UZ Қорабоғ уруши оқибатларини бориб кўрган биринчи ўзбек медиаси бўлди
Таҳлил
−
31 Май 2021
16236Озарбайжон 30 йиллик ишғолдан сўнг Қорабоғ ерларини Арманистондан қайтариб олди, бироқ 30 йил давомида юзлаб қурбонлар берилди. Биргина 2020 йилнинг 11 октябрь куни Озарбайжоннинг Ганжа шаҳри марказидаги турар жой биносига Арманистон Қуролли кучлари томонидан баллистик ракета учирилиши оқибатида 12 киши қурбон бўлди, 40 нафардан ортиқ бегуноҳ одамлар жароҳатланди. QALAMPIR.UZ уруш давом этаётган вақтларда Озарбайжон Ҳукуматига вазиятни воқеа жойига бориб кузатиш, репортажлар тайёрлаш бўйича мурожаат билан чиққан эди. Озарбайжонда фавқулодда ҳолат эълон қилингани, Қорабоғ эса миналанган ҳудуд бўлгани учун журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сўровлар рад этилганди. Шунга қарамай, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан биринчи бўлиб QALAMPIR.UZ ушбу ҳудудларга бориб, қуролли тўқнашувлар оқибатларини ўз кўзи билан кўришга эришди. Айни вақтда QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ва фотограф Камолиддин Заидов (@canoniy) Озарбайжоннинг Баку, Ганжа шаҳарларида бўлиб турибди. Уларнинг навбатдаги манзили эса – Қорабоғ.
Нажмиддинова 30 йил ишғол остида қолган ерларда бўлиб, геноцид амалга оширилган ҳудудларни ўз кўзи билан кўрмоқда. Қорабоғни ташлаб кетишга мажбур бўлган одамлар билан мулоқот қилмоқда. Чўчқахонага айлантирилган муқаддас қадамжолар, масжидларга кириб бормоқда.
Кеча Озарбайжонда бўлиб турган QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Ганжа шаҳри марказида Арманистоннинг баллистик ракетаси вайрон қилган ҳудудни кўздан кечирди. Энг аввало марҳумлар хотирасига дуо-фотиҳа қилинди. Шу ернинг ўзидан Instagram’даги саҳифамиздан ЖОНЛИ ЭФИРга чиқилди.
Баллистик ракета учирилган тун
2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, бир неча кун ичида оловланган уруш октябрь ойига келиб янада кескин тус олди. Халқаро ҳамжамият икки мамлакат ҳаракатларини, қуролли тўқнашувларни қоралашга тушди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан тортиб, дунёни “бошқараётган” мамлакатлар Алиев ва Пашинянни муросага келишга чақирди. Минск гуруҳи ҳамраислари Россия, Франция ва АҚШ “Арманистон ва Озарбойжон раҳбарларини зудлик билан, виждонан ва ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари кўмагида келишув бўйича музокараларни тиклаш учун ҳеч қандай шартлар қўймасдан ўз зиммаларига мажбуриятларни олишга” ундади. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 30 йил давомида Минск гуруҳининг оғзига қараб келгани, аммо улар адолатни тиклаш учун ҳеч ишга қўл урмаганини айтиб чиқди. Бундай вазиятда эса Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган, ҳарбий кўмак берган ягона мамлакат Туркия бўлди. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған айнан Минск гуруҳи ҳамраислари – Россия, Франция ва АҚШни Арманистонга қурол етказиб беришда айблади.
2020 йилнинг 9 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, Тоғли Қорабоғдаги можаро иштирокчиларини гуманитар вазиятдан келиб чиқиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Уч томонлама музокара натижасида ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб ўт очишни тўхтатишга келишилди.
Ўртадаги келишувга қарамай, Арманистон ғирром ўйин қилди ва 11 октябрь куни тунги соат 02:00 да Озарбайжоннинг Ганжа шаҳри марказидаги 31 хонадондан иборат 3 та кўп қуватли турар жой биносига “Эльбрус” баллистик ракетаси билан ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида 12 киши қурбон бўлди. 40 га яқин бегуноҳ дамлар жароҳатланди. Энг ачинарлиси эса, қурбонлар орасида норасида гўдаклар ҳам бор эди.
Шаҳар марказидаги турар жой биноси баллистик ракета ҳужумидан буткул вайрон бўлган. Айни вақтда уруш оқибатларини халқаро ҳамжамиятга етказиш, дунё аҳолисини Арманистон қуролли кучлари томонидан қилинган ҳужум билан таништириш мақсадида вайроналар қандай бўлса, шундайлигича сақланмоқда. Озарбайжоннинг турли шаҳар ва районларидан, шунингдек дунё мамлакатларидан келган сайёҳлар Ганжадаги ушбу вайроналар билан танишиб, қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда.
“Мен бу ерга келган меҳмонлар вайроналар атрофига гул ва юмшоқ ўйинчоқларни қўйиб кетаётганига гувоҳ бўлдим. Миллати, дини, турмуш тарзи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар бир киши тунда уйқуга кетаркан, эрта учун режалар тузади, ният қилади. Аммо ярим тунда кучли силкиниш, ўқ овози билан вайроналар ичида яраланган ҳолатда уйғонишни тасаввур қилиш жуда оғир. Бу ерда яқинларини йўқотганлар жуда кўп ва уруш уларнинг қалбида бир умрлик доғ бўлиб қолади”, дейди ҳудудни кўздан кечирган журналист Феруза Нажмиддинова.
“4,11, 17 октябрь кунлари Арманистон тарафи Ганжа шаҳрида 13 марта қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширган. Булардан 8 таси снарядлар иштирокида бўлган. Бунинг оқибатида 25 киши, хусусан 6 нафар бола қурбон бўлди. 138 нафар киши жароҳатланди, улардан 29 нафари болалар эди. Қуролли ҳужумлар натижасида 4 оила ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилди. Шуни алоҳида урғулаш керакки, Арманистон тарафи уруш кечаётган ҳудудлардан анча узоқда бўлган, қуролли тўқнашув зонаси бўлмаган ва ҳеч қандай ҳарбий объект жойлашмаган, тинч аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларга ракета зарбаларини берди. Бу XXI асрнинг террори эди. Аммо биз уларга бундай террористик жавоб бермадик”, дейди оммавий ахборот воситалари билан ўтказилаётган инфо-турга масъул Ҳасан Мамедов.
11 октябрь куни содир бўлган қўпорувчилик ҳаракати устидан назорат айнан Арманистон Ҳукумати раиси томонидан бўлгани айтилади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Ганжага баллистик ракетадан ҳужум қилиш тўғрисидаги буйруқни шахсан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян берган.
Орадан бир неча кун ўтиб, Арманистон қуролли кучлари 17 октябрь куни Ганжа шаҳрига яна бир ҳаво зарбасини йўллади. Шу куни Ганжага ва яна бир йирик ишлаб чиқариш маркази бўлган Мингячевир шаҳрига ҳужум қилинди. Шаҳар ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган жойдан 100 километр узоқликда жойлашган. Ганжага иккита ракета учирилган. Улардан бири турар-жой биносига тушган. Яна бир ракета эса ўнлаб хусусий уйлар яқинига тушган. Натижада 20 та уй вайрон бўлган. Ушбу ракета ҳужуми натижасида ҳам 13 киши қурбон бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди.
“Биз бу ерда истиқомат қилаётган ва воқеага ўз кўзи билан гувоҳ бўлган маҳаллий аҳолидан, шунингдек ракеталар ҳужумида яқинларини йўқотган, уйидан айрилган одамлардан интервью олишга ҳаракат қилдик. Бироқ, улар ҳамон ўша ҳужумлар шовқини, вайроналарнинг қўрқуви ва қурбон бўлган яқинларининг ғами билан яшаётганларини айтиб, у кунлар ҳақида гапиришга ҳам мадорлари йўқлигини таъкидладилар”, дейди Ганжа шаҳрида бўлиб турган журналист Феруза Нажмиддинова.
QALAMPIR.UZ’нинг Озарбайжонга, жумладан Қорабоғга сафари давом этади. Сайтимизни ва Instagram саҳифамизни кузатиб боринг ва 30 йиллик можаролар оқибатларига гувоҳ бўлинг. Эслатиб ўтамиз, бугунгача ушбу ҳудудларга QALAMPIR.UZ’дан бошқа ҳеч бир Ўзбекистон оммавий ахборот воситаси ходими етиб бормаган.
QALAMPIR.UZ’нинг кейинги манзили Арманистон мустамлакасидан озод қилинган – Ағдам шаҳри. Журналист Феруза Нажмиддинова ушбу шаҳардаги XIX асрга оид тарихий масжидда бўлиб, репортаж тайёрламоқда. Масжид Арманистон ишғоли даврида чўчқахонага айлантирилган, вайрон қилинган. Бундан бир неча ой аввал Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиева ва қизи Лейла Алиева билан ушбу масжидга бориб, унинг деворларини ўпган эди.
2020 йил кузида нима бўлганди?
Ўтган йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини провокацияда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган.
Тўқнашувлар давом этаркан Озарбайжон ва Арманистон икки марта – биринчисида Россия, иккинчисида АҚШ воситачилигада сулҳга эришди. Аммо сулҳнинг умри қисқа бўлди.
Ваниҳоят 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин Лочин, Ағдам ва Келбажар туманлари Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди. Улар 5 йил Қорабоғда бўлади ва томонлар розилиги билан бу муддат узайтирилиши мумкин.
Суратлар муаллифи Камолиддин Заидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь