Арманистон Озарбайжонинг Ганжа шаҳрига ракета учирди. Кўплаб қурбон ва жароҳатланганлар бор
Олам
−
12 Октябрь 2020
22933Аввалроқ, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғда 10 октябрь соат 12:00 дан этиборан ўқ отишни тўхтатишга келишганига қарамай, ўзаро ҳужумлар давом этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Бу борада Озарбайжоннинг Бакудан кейинги энг Ганжа шаҳрига амалга оширилган ракета ҳужуми аниқ мисол бўла олади. Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудуддан 20 километр узоқликда жойлашган шаҳарга сулҳ кучга кирганидан 14 соат ўтиб, 11 октябрь соат 2:00 да ракета ҳужуми уюштирилган.
Арманистон Ҳарбий ҳаво кучларининг ракета зарбаси натижасида шаҳарнинг турар-жой даҳасида бутун бир кўча вайрон бўлган. Ҳужум натижасида 9 киши ҳалок бўлган ва 40 киши турли оғирликда жароҳатланган. Кўплаб турар-жой биноларига зарар етган.
Озарбайжонинг расмий маълумотларга кўра, шаҳарга “Точка У” ракетаси билан ҳужум қилинган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Ганжага ракетадан ҳужум қилиш тўғрисидаги буйруқни шахсан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян берган.
“Ганжага ракета ҳужуми уюштирилишига Арманистоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти айбдор. Биздаги маълумотларга кўра, бу қарор шахсан Пашинян томонидан қабулқ илинган”, деган Президент Туркиянинг “Haber Global” телеканалига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга келишганди. Сулҳ асирлар ва жасадларни алмашиш мақсадида тузилганди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.
LiveБарчаси