Илҳом Алиев рафиқаси билан молхонага айлантирилган масжидга оёқяланг кириб, унинг деворларини ўпди
Олам
−
24 Ноябрь 2020
35644Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва вице-президент – мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева Арманистон томонидан босиб олинган ва 9 ноябрда уч тарафлама сулҳ (Россия – Владимир Путин, Озарбайжон – Илҳом Алиев, Арманистон – Никол Пашинян – таҳр.) сабаб Озарбайжонга қайтарилган Ағдам шаҳрида бўлиб, XIX асрга оид тарихий масжидда бўлдилар.
Энг аввало, Президент Илҳом Алиев шаҳрининг масжидга яқин ҳудудига ўрнатилган Озарбайжон байроғи қаршисида тиз чўкиб, уни ўпиб, юз кўзига суртди. Сўнг вице-президент Меҳрибон Алиева билан тарихий масжидга йўл олди.
Халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан Арманистон ҳукмронлиги даврида молхонага айлантирилгани ёзилган ва бугун вайронага айланган масжидга Президент Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева пойабзалларини ечиб, оёқяланг кирдилар. Ушбу ҳолат акс этган суратлар Президент Матбуот хизматининг интернет саҳифасига жойлаштирилди. Давлат раҳбари ва унинг рафиқаси масжидга кириш олдидан унинг деворларини ўпишган.
Дунё ҳамжияти, айниқса, мусулмон давлатлар халқларининг диққатини тортган ушбу сурат айни вақтда ижтимоий тармоқлар кун тартибига чиқди.
Президент Матбуот хизматига кўра, Меҳрибон Алиева масжидга қўлида Маккадан олиб келинган Қуръони Карим билан кириб, уни ўпган ва масжид меҳробига яқин пештахтада қолдирган.
Улар масжидда Қуръон тиливот қилишган. Сўнг давлат раҳбари оммавий ахборот воситаларига интервью берди.
“Бугун Ағдам шаҳрини вайронада кўриш жуда ачинарли. Бироқ, бир неча йил олдин ушбу минтақада, бизнинг хандақларимизда бўлганимда, масжидни дурбин орқали кўрганман. Ушбу ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин, имконсиз. Ўз ерларингиздаги шаҳарни, масжидни узоқдан дурбин билан кўриб, бу ерга кела олмаслик қанчалик оғриқли эканини билсангиз эди. Алоқа чизиғида, хандақда бўлганимда, қайтиб келадиган ва ўз ҳудудий яхлитлигимизни тиклайдиган кун келади, деб ўйлаган эдим.
Бугун мен Ағдам масжидига Маккадан олиб келинган Қуръонни совға қилдим. Мен бахтли одамман, чунки тўрт марта Маккага ташриф буюрганман. Бир марта марҳум отам билан бирга ва уч марта Президент сифатида. Муқаддас Каъбада оила аъзоларим билан намоз ўқиганимдан бахтиёрман. Менинг ҳам қалбимда ҳар қандай одамнинг юрагидаги каби туйғулар бор. Мен дуоларида биринчи бўлиб ерларимизни ишғолдан озод қилиш ҳақида сўрардим. Аллоҳдан менга куч беришини, бу ерларни ишғолдан озод қилишимизни, бу бахтни бизга насиб этишини ва яна ота-боболаримиз юртига қайтишимизни сўрардим.
Бугун бу ерда, бузғунчилар томонидан вайрон қилинган масжид олдида мен ўзимни бахтли одамман деб айтаман. Дуоларимни эшитгани ва менга шу кучни бергани учун яна бир бор Аллоҳга шукур айтаман. Кучларимизни сафарбар этиб, биз ушбу тарихий кунларни бошдан кечирмоқдамиз. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий кунлар. Эҳтимол, Озарбайжоннинг кўп асрлик тарихида бундай шонли ва ғурурли кунлар бўлмаган. Бунга биз бирдамлигимиз, кучимиз эвазига эришдик. Ҳеч ким бизга ёрдам бермади. Аксинча, ҳалал беришди. Сизга бу ҳақда батафсил айтиб берадиган кун келади”, дейди Илҳом Алиев.
Ағдам марказида жойлашган ушбу масжид 1870 йилда қурилган. 1992 йилда Хўжали Арманистон томонидан босиб олингандан кейин Ағдамдаги ушбу тарихий масжид вайронага айланган.
LiveБарчаси