“Одамлар энди 30 йил кутмайди.” Қозоқ сиёсатшуноси Ҳукумат нималар қилиши кераклигини айтди
Олам
−
13 Февраль 2022
9926Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январдаги тартибсизликларни бостириш вақтида тинч аҳоли вакиллари ўлганини тан олиши ва мустақил суриштирув ўтказилишига йўл очиши керак. Қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев бугун, 13 февраль куни Олмаотада ўтказилаётган келишилмаган намойишларга келиб, Orda.kz мухбири билан суҳбатда шундай фикр билдирган.
Сиёсатшунос Сатпаев намойиш жойига ҳалок бўлганларни хотирлаш ва уларнинг қариндошларига ҳамдардлик билдириш учун келганини айтган.
“Мен фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватламоқчиман, чунки Қозоғистонда жамият анча ўзгарган деб ўйлайман. Бу январь воқеалари билан боғлиқ эмас, у Жанаозен воқеалари ва “қуруқлик митинглари”дан анча олдин ўзгара бошлади. Мен ўлганларни хотирлаш, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдириш учун келдим. Бу жуда муҳим, чунки биз бундай катарсисдан ўтишимиз керак”, деган сиёсатшунос.
У Президент Тўқаев Ҳазрат Султон масжидида бўлиб, тартибсизликлар вақтида вафот этганлар хотирасини ёд этганига тўхталиб, давлат раҳбари бу ишн аввалроқ қилиши кераклигини айтиб ўтди.
“Тўқаев бугун масжидда бўлди, лекин менимча ҳамдардлик анча олдинроқ билдирилиши керак эди. Тинч аҳоли ҳалок бўлганини тан олинг, мустақил тергов ўтказинг. 20 минг террорчи ҳақидаги маълумот нотўғри эканини тан олиш керак”, дейди Досим Сатпаев.
Сиёсатшуноснинг фикрича, бундай митинглар одамлар ўзгариш ва ислоҳотлар талаб қилаётганини ва ҳукуматда бу учун вақт у қадар кўп эмаслигини кўрсатади.
“Одамлар энди 30 йил кутишни хоҳламайдилар, уларга косметик ўзгаришлар керак эмас. Улар тизимли бўлиши керак. Январь воқеалари шуни кўрсатдики, агар бу ўзгаришлар рўй бермаса, кейинги ижтимоий портлашлар янада кучлироқ бўлиши мумкин”, деган Сатпаев.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Ҳазрат Султон” масжидига бориб, халққа мурожаат қилди.
Маълумот учун, “Қонли январь” фожиасида ҳам намойишчилар асосан Назарбоев ва унинг оиласига қарши талабларни қўйган эдилар. Шунингдек, намойишчилар орасида бўлган Қозоғистоннинг бадавлат тадбиркорларидан бири, собиқ депутат ва сиёсатчи Булат Абилов ҳукумат январь воқеалари вақтида террорчилар дея айтилган одамларни ҳукумат ўзи тайёрлаганини айтди.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.
LiveБарчаси