Нурсултон Назарбоевнинг 30 йил қанча пул тўплагани ва улар қаерда сақланаётгани аниқланди
Таҳлил
−
19 Февраль 2022
64838“Daily Telegraph” газетаси бугун журналистик тергов бюросининг (TBIJ) ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Нурсултон Назарбоев 2020-2021 йилларда Буюк Британияда рўйхатдан ўтган “Jusan Technologies holding” компаниясидан Қозоғистондаги 30 йиллик бошқаруви давомида тўпланган қарийб 8 миллиард доллар активларини сақлаб қолиш ва назорат қилиш учун фойдаланган.
2009 йилдан 2021 йилгача Назарбоев ўз номи билан аталган бир қанча хусусий жамғармалар тузган ва расмий маълумотларга кўра, хайрия таълим ва ижтимоий лойиҳалар билан шуғулланган. Журналистик тергов бюроси маълумотларига кўра, 2020 йилда ташкил этилган “Jusan Technologies holding”ини учта жамғарма, жумладан Нурсултон Назарбоев жамғармаси назорат қилган.
Ҳисоботда айтилишича, 2021 йилда “Jusan Technologies holding” бутун корпоратив коммуникациялар тизимининг марказида турган. Ундаги акциялар Қозоғистоннинг куч элитаси ва БАА ҳукмрон доиралари билан боғлиқ компанияларга тегишли.
Ҳисоботларга кўра, 2021 йил октябрь ҳолатига кўра, “Jusan Technologies holding”нинг жами активлари 7,8 миллиард долларни ташкил этган, жумладан, АҚШ ғазначилик облигациялари, Қозоғистон ва Қирғизистон давлат облигациялари ҳамда 3 миллиард доллардан ортиқ нақд пул.
Журналистик тергов бюроси маълумотларига кўра, ҳолдинг активлари асосан Қозоғистонда, шунингдек, Люксембург, Буюк Британия, БАА ва АҚШда жойлашган банклар, телекоммуникация компаниялари ва ритейлерларни ўз ичига олади. Ҳужжатлардан кўриш мумкинки, “Jusan Technologies holding”нинг соф активлари 2020 йил якунида 1,6 миллиард долларни, соф фойдаси эса 550 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган.
“Jusan Technologies holding” тузилмасидаги энг қиммат бизнес Қозоғистондаги энг йирик чакана банклардан бири First Heartland Jusan Bank ҳисобланади. Ушбу банк раиси ўринбосари – собиқ Бош вазир ўринбосари ва 2015 йилгача Президент ёрдамчиси бўлган Ербол Ўринбоев. У “Jusan Technologies holding” компанияси директори бўлган ва ушбу компаниянинг 4,6 фоиз улушига эгалик қилган.
Журналистлар “Назарбоевнинг жияни қизига уйланган олигарх” ва Назарбоев даврида Қозоғистон суверен жамғармасини бошқарган Галимжан Есеновни ҳам тилга олишади. Жаноб Есенов, Журналистик тергов бюроси маълумотларига кўра, First Heartland Jusan bank’да 20 % улушга эга. Улардан ташқари, “Jusan Technologies holding” акциялари, хусусан, БАА асосчиси ва биринчи президентининг ўғли Шайх Таҳнун бин Зоид Ал Наҳаёнга тегишли эди.
Тергов доирасида журналистлар Лондондаги Нурсултон Назарбоев жамғармаси манфаатларини ҳимоя қилувчи “Boies Schiller Flexner”юридик фирмаси билан боғланган. Уларнинг хабар беришича, 2021 йил охирида “Jusan Technologies holding” эгаси ўзгарган. “Jusan Technologies holding” компаниясини хайрия сифатида қабул қилган Американинг “Jysan Holdings LCC” нотижорат ташкилоти эди.
“Jysan Holdings LCC” ўзи “NU Generation Foundation” нотижорат ташкилотига тегишли. Ва бу ташкилот раҳбари, Журналистик тергов бюроси маълумотларига кўра, Нурсултон Назарбоев жамғармаси раҳбари Аслан Саринжипов. У 2013–2016 йилларда Қозоғистон таълим ва фан вазири бўлган. Шу тариқа, журналистларнинг таъкидлашича, энди Қозоғистоннинг собиқ президентининг бизнес империяси АҚШ орқали назорат қилинади.
“Буюк Британиянинг танлови Евроосиё элитаси ва клептократларининг бу мамлакат уларнинг бойлик ва мулкка бўлган ҳуқуқларининг самарали кафолати эканлиги ҳақидаги тасаввурини акс эттиради”, дейди Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг Евроосиё бўйича мутахассиси Александр Кули ҳисобот маълумотларига изоҳ бериб.
Экспертнинг фикрича, Қозоғистон элитаси вакиллари ҳуқуқий барқарорлик ва ҳимояни сотиб олмоқда. Ҳозир мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни улар Буюк Британияни танлаганларида тасаввур қилган бўлишлари мумкин.
Айни пайтда, Журналистик тергов бюроси маълумотларига кўра, ҳисоботнинг эълон қилиниши “Буюк Британияда мамлакат ўзини олигархлар, диктаторлар ва клептократлар британиялик ҳуқуқшунослар ёрдамида ва минимал жамоатчилик назорати билан ўз манфаатларига бехатар хизмат қила оладиган жой сифатида реклама қилиши ҳақидаги муҳокамани янада кучайтиради".
Ҳисоботда лейбористлар партиясидан депутат Маргарет Хож яқинда Назарбоев хайрия жамғармаларидан “Jusan Technologies holding” орқали ўзига тегишли активларни “яширин назорат қилиш” учун фойдалангани ҳақида айтгани эсга олинади.
“Британия Қозоғистоннинг ҳукмрон синфи учун чегараларини, кўчмас мулк бозорини, молиявий тузилмаларини очиб, уларга ноқонуний йўллар билан олинган маблағларни ювиш ва сарфлаш имконини берди”, дейди депутат Маргарет Хож парламентда.
Ушбу хабарлар фонида маълум бўлишича, Британия расмийлари яқин келажакда мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш эвазига яшаш учун рухсатнома олиш тизимини бекор қилмоқчи.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, расмийлар бу схемадан “жиноий элементлар, шунингдек, Россия, Хитой, Қозоғистон каби давлатларнинг ўта бой фуқаролари” фойдаланаётганидан анчадан бери хавотир билдирган.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.