Назарбоевнинг мақоми Қозоғистон Конституциясида белгилаб қўйилади

Олам

image

Қозоғистон Конституциясида мамлакатнинг биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг мақоми белгилаб қўйилади. Бу ҳақда Конституциявий ислоҳотлар бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Ермек Абдрасулов маълум қилди.

“Биринчи Президент мақоми масаласига келсак, Конституциямизда бу Конституция ва конституциявий қонунлар билан тартибга солинади, деб ёзилган. Ишчи гуруҳ бу мақомни қонунларда эмас, балки Конституциянинг ўзида белгилаб қўйиш керак деган хулосага келди.

Яъни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти мустақил Қозоғистоннинг асосчиси ҳисобланади. Бу ҳолат аниқ белгиланади. Ўйлайманки, бу катта аҳамиятга эга бўлади, чунки ўша хизматлар, мавжуд объектив ҳақиқатни ҳаммангиз кўргансиз, бутун дунё кўриб турибди, Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилади”, деган Абдрасулов.

Қайд этилишича, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Конституциявий кенгашга бош қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги лойиҳани киритишини айтган.

“Бу асосий қонунимиз талабидир. Ишончим комилки, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар мустақил Қозоғистон тарихида янги саҳифа очади. Бу Янги Қозоғистон қурилишидаги муҳим босқичдир”, деган Тўқаев.

Бундан ташқари, Қозоғистон Конституциясида ер ва табиий ресурслар тўғрисидаги норма ўзгартирилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойи бошида Тўқаев “Биринчи Президент – Элбоши тўғрисида”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунни имзолади. Қабул қилинган тузатишлар Биринчи Президентнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилди.

Қонунга сенаторлар томонидан ҳам ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича Элбоши билан ташаббусларни мувофиқлаштириш заруриятини қонунчиликдан чиқариб ташлади. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти муҳим масалаларни муҳокама қилишда парламент ва ҳукумат олдида сўзлаш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.

Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.

28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди

2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг