QALAMPIR.UZ дайжести: Йўқолиб кетиш арафасидаги давлатлар, нафас олиши қийинлашган ўзбекистонликлар, юбка кийишга мажбурланган эркаклар

Жамият 6242
image
Бугун, 5 ноябрь куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда кўплаб воқеа-ҳодисалар рўй берди. Ўзбекистон аҳолиси кечаги қум бўрони сабаб ҳамон эркин нафас ололмаяпти, дунёда эса қатор давлатлар Ер юзидан тез орада йўқ бўлиб кетиши башорат қилинди. Спортга келадиган бўлсак, Хави “Барселона”нинг янги мураббийига айланиши аниқ бўлиб қолди. Шу каби хабарларнинг қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.

Жамият

Бу сафар Урганчда. Йўқ рейсга чипта олган 300 га яқин одам аэропортда тўпланди

Урганч халқаро аэропортида одамларнинг тирбандлиги юзага келгани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалди. “Uzbekistan Airports” АЖ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, жорий йилнинг 4 ноябрь куни соат кечаси тахминан 2:00 дан бошлаб “Урганч” халқаро аэропортига Урганч – Москва йўналиши бўйича IFly рус авиакомпаниясининг парвозини амалга ошириш нияти билан йўловчилар келишни бошлаган. Бироқ, бу парвоз жадвалда мавжуд бўлмаган. Йўловчиларнинг барчаси авиачиптани Avia Market орқали сотиб олган. Чартер рейсига жами 290 та чипта сотилган

ДХХ тўрт вилоятда йирик миқдордаги гиёҳванд модда савдосига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Тошкент, Жиззах, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тадбирларда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар мусодара қилинди.

Хусусан, Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистон Республикаси Туркистон областининг Махтаарал районида истиқомат қилувчи, 1976 й.т. қўшни давлат фуқароси ва Зомин туманида яшовчи, 1989 й.т. маҳаллий фуқаро 3 кг 880 гр. “опий” моддасини 32 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкентда 678 киши нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат қилди – ССВ

Кеча, 4 ноябрь куни “Тез ёрдам” хизматига 4082 та чақириқ бўлган. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибаевга кўра, ушбу беморларга “тез ёрдам” бригадалари томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинган.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарурлигини таъкидлаган.

Самарқандда Сурияга кетишни режалаштирган шахслар ушланди

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда “жиҳод”га чорловчи материалларни тарқатиб келган гуруҳ қўлга олинди.

Тезкор тадбир доирасида Самарқанд шаҳрида яшовчи Д.Я. ва“Ф.М. 8 нафар маҳаллий фуқаролар билан биргаликда, ижтимоий тармоқларда виртуал жамоат тузиб, “жиҳод”га чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб, муҳокама қилиб келганликлари ва келгусида мазкур гурухнинг 2 нафар аъзолари Сурия давлатига “жиҳод” қилиш мақсадида, чиқиб кетишни режалаштирганлиги аниқланган.

Яна Бухоро! Яна бўрон! Яна том!

Кеча, 4 ноябрь куни кузатилган кучли қум бўрони сабаб Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси биносининг томи кўчиб тушди.

Ҳодиса юз бериши билан Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари етиб келиб, хавфсизлик чораларини кўришган. Бинолар томи кўчиб кетиши оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.

Ҳозирча зарар миқдори номаълум. Бинолар томини таъмирлаш ишлари бошланган.

“150 йилдан бери бундай ҳолат кузатилмаган”. Чанг-ғуборли ҳаво қачонгача давом этиши айтилди

Ўзбекистонда кеча, 4 ноябрь куни юз берган қум бўрони ҳодисаси 150 йил давомида кузатилмаган.

Таъкидланишича, республика ҳудудларидаги чанг-ғубор кескин шамоллар оқибатида юзага келган. Ушбу чанг шамол тўхташи билан 15-20 дақиқа оралиғида тарқалган.

Шунингдек, мутахассисларнинг прогнозларига кўра, республикада жорий йилнинг 12 ноябрь кунига қадар ёғингарчиликлар (жанубий вилоятлардан ташқари) кузатилмайди. Атмосфера ҳавосидаги чанг-ғуборларнинг яқин кунлар ичида сақланиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Олам

Лукашенко Путин ваъдасини бажармаганидан шикоят қилди

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Иттифоқ давлат Олий давлат кенгаши йиғилиши якунида Россия Президенти Владимир Путин Қримга усиз борганидан шикоят қилди. 

“Владимир Владимирович менга ҳаммасини ваъда қилганди: ўзи билан олиб кетишни, Қримни кўрсатишни, лекин бугун у кетди ва менга бирга боришни таклиф қилмади. Шунинг учун мен Олий давлат кенгаши аъзолари олдида туриб шикоят қиляпман”, дея ҳазил қилган Беларус Президенти.

Миллиардер Роман Абрамович шахсий Boeing’ини сотувга қўйди

Россиялик миллиардер Роман Абрамович P4-MES рақамли шахсий Boeing 767-300ER самолётини сотувга қўйди. 

Самолётнинг сотилиши билан Global Jet Monaco SAM компанияси шуғулланади. Лотнинг тахминий қиймати 100 миллион долларни ташкил этади. 

Таъкидлашича, самолётдан фойдаланиш 2007 йилдан бошланган. Ўшанда унинг қиймати 315 миллион долларни ташкил этган. 

Иттифоқ давлати. Путин ва Лукашенко янги қарорни имзолади 

Россия ва Беларусь Президентлари Владимир Путин ҳамда Александр Лукашенко Иттифоқ давлатининг интеграция қарорини имзолади.  

“Кўрдим, Путин имзолади ва мен ҳам имзолайман”, деган Лукашенко онлайн мажлисда. 

Қарор билан жорий йилнинг сентябрь ойида тасдиқланган барча 28 та иттифоқ дастурлари, шунингдек 2021-2023 йилларга мўлжалланган Иттифоқ давлатини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тасдиқланган. 

22 қаватли бино қулаб, ўнлаб одамлар ўлгани муносабати билан мотам эълон қилинди

Бугун, 5 ноябрь куни Нигериянинг Лагос шаҳрида бино қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар учун уч кунлик мотам бошланди. 

Таъкидланишича, бугун эрталаб вайроналар остидан 38 кишининг жасади топилган, улар орасида қулаган бино қурилиши билан шуғулланган компания эгаси ҳам бор. Тўққиз киши тирик топилган, улар ҳозир шифохонада. Қулаш жойида қидирув ишлари давом этмоқда.

Шотландияда ўғил бола ўқувчилар ва эркак ўқитувчилар юбка кийишга мажбурланди

Шотландия мактабларининг бирида бошланғич синфда таҳсил оладиган ўғил бола ўқувчилар, шунингдек эркак ўқитувчилар “тенглик”ни таъминлаш учун юбка кийишга мажбурланди. 

Қайд этилишича, Эдинбургда жойлашган таълим муассасаси Испанияда ҳар 4 ноябрда ўтказиладиган  “Мактаб учун юбка кий” кампаниясини бошлашга қарор қилган. Шу сабабли ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар юбка кийишга жалб этилган.

Тез орада Ер юзидан йўқ бўлиб кетадиган давлатлар номи маълум бўлди

Глобал исиш туфайли музларнинг эриши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши бир қанча орол давлатларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. 

Иқлим ўзгариши таъсир қилиши мумкин бўлган ҳудудларга Кирибати, Тувалу ва Маршалл ороллари киради. Кирибатидаги нодавлат экологик ташкилотларининг глобал тармоғи Climate Action Network координатори Пелениза Алофанинг айтишича, Глазгодаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саммити орол давлати учун муҳим воқеадир. 

Ҳиндистонда ҳаво сифати ўта хавфли даражага тушиб кетди

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида ҳаво ифлосланиши ўта хавфли даражадан ошиб кетди. Ҳинд олимлари бу каби ифлосланган ҳаво шаҳар аҳолисининг умрини ўртача 6 йилга қисқартиришини таъкидлаган. 

Мамлакат метеорология департаменти маълумотларига кўра, пойтахтда ҳаво сифати индекси (AQI) 500 дан ошган. Ҳаво сифати жорий йилнинг 7 ноябригача яхшиланмайди.

Берлиндаги элчихона деразалари остидан рус дипломатининг ўлиги топилди

Россиялик дипломатнинг жасади мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасининг консуллик бўлими биноси ёнидан топилди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 октябрь куни эрталаб соат 7:20 атрофида Берлин полицияси қўриқчилари элчихона олдидаги пиёдалар йўлагида жонсиз ётган инсон жасадини топишган.

Шунингдек, 35 ёшли эркак 2019 йилнинг ёзида Берлиндаги элчихонанинг иккинчи котиби сифатида аккредитациядан ўтгани маълум қилинган. У бинонинг юқори қаватидан қулаб тушган деган тахмин илгари сурилмоқда.

Спорт

Барча даврларнинг энг сердаромад спортчилари маълум бўлди

Дунёдаги машҳур спортчилар фаолияти давомида қанча пул ишлаб топгани таҳлили қилинди. “Via Sportico” нашри томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, энг сердаромад 25 нафар спортчи орасида, 4 нафар футболчи жой олди. Улар Криштиану Роналду, Лионель Месси Давид Бекхэм ва Неймардир.

Нашрга кўра, Криштиану Роналду жами 1,24 миллиард евро даромад билан 5-ўриндан жой олди, Лионель Месси эса Криштианудан салкам 100 миллион евро кам ишлаб топган ҳолда 8-поғонадан жой олди. 

АПЛнинг “янги бойи” “Барса” дарвозабонини қўлга киритмоқчи

Каталониянинг “Барселона” клуби дарвозабони Марк-Андре тер Штеген қишки трансфер ойнасида “кўк-анорранглилар” сафини тарк этиши мумкин. 

Манба тарқатган хабарга кўра,  Саудия Арабистони инвесторлари томонидан сотиб олинган “Ньюкасл” жамоаси немис посбонини ўз сафига қўшиб олиш ҳақида ўйламоқда. 

“Қарғалар” раҳбарияти қишда дарвоза чизиғини кучайтирмоқчи ва ушбу позицияга Тер Штеген асосий номзод сифатида кўрилмоқда. 

Расман! Хави – “Барселона” бош мураббийи

Қатарнинг “Ал-Садд” жамоаси мураббийи Хави Эрнандес расман Каталониянинг “Барселона” клуби бошқарувига келди. Бу ҳақда Қатар клубининг ижтимой тармоқлардаги расмий саҳифалари хабар бермоқда.

Клубнинг Instagram саҳифасида берилган хабарга кўра, “Ал-Садд” раҳбарияти шартномада кўрсатилган товон пули тўланганидан кейин Хавининг “Барселона”га ўтишига рози бўлди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 99
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×