“150 йилдан бери бундай ҳолат кузатилмаган”. Чанг-ғуборли ҳаво қачонгача давом этиши айтилди
Жамият
−
05 Ноябрь 2021
33016Ўзбекистонда кеча, 4 ноябрь куни юз берган қум бўрони ҳодисаси 150 йил давомида кузатилмаган. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази томонидан олиб бориладиган кузатиш натижаларига асосланиб, марказ Матбуот котиби Муниса Асилхўжаева маълум қилди.
Таъкидланишича, республика ҳудудларидаги чанг-ғубор кескин шамоллар оқибатида юзага келган. Ушбу чанг шамол тўхташи билан 15-20 дақиқа оралиғида тарқалган.
Шунингдек, мутахассисларнинг прогнозларига кўра, республикада жорий йилнинг 12 ноябрь кунига қадар ёғингарчиликлар (жанубий вилоятлардан ташқари) кузатилмайди. Атмосфера ҳавосидаги чанг-ғуборларнинг яқин кунлар ичида сақланиб қолиш эҳтимоли мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди.
Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.
LiveБарчаси