Яна Бухоро! Яна бўрон! Яна том!
Жамият
−
05 Ноябрь 2021
16578Кеча, 4 ноябрь куни кузатилган кучли қум бўрони сабаб Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси биносининг томи кўчиб тушди.
Ҳодиса юз бериши билан Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари етиб келиб, хавфсизлик чораларини кўришган. Бинолар томи кўчиб кетиши оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.
Ҳозирча зарар миқдори номаълум. Бинолар томини таъмирлаш ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди.
Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.
Маълумот учун, ўтган йили 27 апрель куни Бухоро вилоятида кучли бўрон кўтарилиб, минглаб объектларга зарар етганди. Уларнинг орасида соғлиқни сақлаш, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, савдо дўконлари, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектлари бор.
Ҳодисада ўрта ва оғир тан жароҳати олган саккиз киши шифохонага ётқизилган, 32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилганди.
Ўн минглаб йирик дарахтлар синган ва қулаган. Тўрт юздан ортиқ автотранспортга зиён етган.
Туркманистондан кирган кучли шамол оқими Қашқадарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ҳам сезилган. Бироқ Бухородагидек вайронкор бўлмаган.
Бухорода юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Президенти фармойиши билан 100 млрд сўм ажратилганди.