Бу сафар Урганчда. Йўқ рейсга чипта олган 300 га яқин одам аэропортда тўпланди

Жамият 7357
image

Урганч халқаро аэропортида одамларнинг тирбандлиги юзага келгани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалди. “Uzbekistan Airports” АЖ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, жорий йилнинг 4 ноябрь куни соат кечаси тахминан 2:00 дан бошлаб “Урганч” халқаро аэропортига Урганч – Москва йўналиши бўйича IFly рус авиакомпаниясининг парвозини амалга ошириш нияти билан йўловчилар келишни бошлаган. Бироқ, бу парвоз жадвалда мавжуд бўлмаган. Йўловчиларнинг барчаси авиачиптани Avia Market орқали сотиб олган. Чартер рейсига жами 290 та чипта сотилган.

Одалмар тўплангач, “Урганч” аэропорти ходимлари барча йўловчиларни жўнаб кетиш залига жойлаштириб, қўшимча стул ва скамейкалар ўрнатган, шунингдек чипталарни сотган компания билан боғланиб, йўловчиларга барча керакли маълумотларни беришни ва юзага келган вазиятни ҳал қилишни талаб қилишган. Маълум бўлишича, Avia Market компанияси Ўзбекистон Транспорт вазирлиги билан парвозни келишмаган ва керакли ҳужжатларни тайёрламаган.

Айни пайтда вазият тартибга солинган ва Москвадан А-330 самолёти Урганчга учиб кетган. Аэропортда рўйхатдан ўтиш эълон қилинган.

Аввалроқ, Тошкентда сайёҳлик компанияси мижозларига жадвалда йўқ рейс учун чипта сотгани ҳақида хабар берган эдик. Рейс йўқлиги сабаб Тошкент халқаро аэропортида 200 нафар атрофидаги одам тўпланиб қолганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 385
Рейтинг: 2.9
t
×