Тошкент халқаро аэропортида 200 киши тўпланиб қолди

Жамият 7382
image

Кеча, 3 ноябрь куни сайёҳлик компаниясидан чипта харид қилган 200 га яқин одам Тошкент халқаро аэропортида тўпланиб қолгани акс этган видео ва хабарлар тарқалди. Улар рейслар жадвалига киритилмаган Тошкент-Истанбул йўналишида чипта сотиб олган.

“Uzbekistan Airports” АЖ халқаро аэропортда одамлар тўпланиб қолишига муносабат билдирди.

Унга кўра, 200 га яқин одам “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси рейсида Тошкент – Истанбул йўналишида учиш учун аэропортга келган. Бироқ бу рейс жадвалда бўлмаган. Маълум бўлишича, уларнинг бари “Asia Luxe Travel” туристик компаниясидан чипта сотиб олган.

Қайд этилишича, Тошкент аэропорти ходимлари туркомпания ва авиакомпания вакилларини чақиришган ҳамда йўловчиларга рейс қолдирилгани ҳақида маълумот бериб, юзага кеган вазиятни бартараф этишларини талаб қилишган.

Авиакомпания вакилларининг сўзларига кўра, сайёҳлик компанияси “Uzbekistan Airways” билан слотни келишмасдан чипталарни сотишни бошлаган. Парвоз учун 200 га яқин чипта сотилган.

Вазиятни ҳал қилишга уринган сайёҳлик компанияси йўловчиларга сув тарқатиб, уларни меҳмонхонага жўнатиш учун транспорт ташкил қилган. Бироқ одамлар терминал биносини тарк этишдан бош тортган. Шунда Транспорт вазирлиги ташаббуси билан захира ҳаво кемаси ажратилиб, парвозга йўловчиларни рўйхатга олиш ишлари бошлаб юборилган.

Ўз навбатида, “Asia Luxe Travel” туристик компанияси ҳолат бўйича расмий изоҳ берди. Унга кўра, рухсат берувчи ҳужжатлар жараёни чўзилиб кетгани учун Истанбулга учадиган рейс кечиккан. Компания бу орада йўловчилар сув ва тушлик билан таъминланганини қўшимча қилган.

Компанияга кўра, барча йўловчилар рўйхатга олиниб, самолёт маҳаллий вақт билан соат 20:30 да Истанбулга учиб кетган. Туркомпания юзага келган вазият учун кечирим сўраган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 360
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×