Ар-Риёддаги аэропорт очилди, ҳусийлар эса яна таҳдид қилди
World
−
15:02 478 2 minutes
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги халқаро аэропортнинг икки терминали фаолияти тикланди, бироқ ҳусийлар уни яна нишонга олинишини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропорт жорий йилнинг 10 октябрь куни ҳусийлар зиммасига олган ҳужумдан кейин фаолиятини тўхтатган эди. Ўша ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган. Бу Саудия Арабистонида сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кўп қурбон берилган ҳужум бўлди.
Кеча, 25 октябрь куни Саудия расмийлари аэропортнинг биринчи терминали ички, иккинчи терминали эса миллий авиакомпаниялар амалга оширадиган халқаро рейслар учун очилишини маълум қилди. Бироқ “FlightRadar24” маълумотларига кўра, аэропорт қайта иш бошлагани эълон қилинганига қарамай, ўша куни парвозлар сони кам бўлган.
Яманлик ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариа аэропорт ҳеч қачон хавфсиз бўлмаслигини айтиб, авиакомпаниялар, аэропорт ходимлари ва йўловчиларни ундан фойдаланмасликка чақирди. Гуруҳ аэропортни ҳарбий нишон деб атаган.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони ҳудудида ракета ва дрон ҳужумлари давом этди. Мамлакат фуқаро мудофааси маълумотига кўра, Хамис-Мушайт ва Аҳад-Рафида шаҳарлари устида тутиб қолинган икки баллистик ракета парчалари икки кишининг жароҳатланишига, турар жой бинолари ва автомобилларга зарар етишига сабаб бўлган.
Саудия бошчилигидаги коалиция эса жанубий ҳудудларга йўналтирилган 10 та баллистик ракета тутиб қолинганини билдирди. Шунингдек, коалиция маълумотига кўра, Ар-Риёд томон икки дрон ва бир баллистик ракета, Хамис-Мушайт томон эса қанотли ракета учирилган.
Ямандаги вазият Саудия Арабистонининг ҳусийларга қарши зарбаларини кучайтиргани ортидан янада кескинлашди. Ҳусийлар ўтган ой Қизил денгиз соҳилидаги стратегик ҳудудларни эгаллаб, жаҳон денгиз савдоси учун муҳим бўлган Боб ал-Мандаб бўғозига яқинлашган. Бу йўналиш Форс кўрфази мамлакатларидан нефть ташишда муҳим аҳамиятга эга.
Яманда 2022 йилдан бери нисбатан сақланиб келган БМТ воситачилигидаги сулҳ ҳам янги тўқнашувлар оқибатида барбод бўлган. Саудия Арабистони 2015 йилда ҳусийлар пойтахт Сано шаҳрини эгаллаб олганидан кейин халқаро ҳамжамият тан олган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ямандаги урушга аралашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг Даммам шаҳридаги Подшоҳ Фаҳд халқаро аэропортига ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All