АҚШ аэропортларида яна минглаб рейслар кечиктирилди
Олам
−
1501 1 дақиқа
АҚШнинг энг йирик авиаташувчиларидан бирининг электрон тизимида носозлик юз берди. Кеча, 22 ноябрь куни АҚШда 6 мингга яқин авиарейс бекор қилинди ёки кечиктирилди. Бу ҳақда “FlightAware” портали маълумотларида келтирилган.
Қайд этилишича, бир сутка ичида мамлакатда 5,7 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган. Яна 242 та авиапарвоз бекор қилинган.
“The New York Post” маълумотларига кўра, Американинг энг йирик авиаташувчиларидан бири – “Delta Air Lines” компаниясининг Атланта аэропортидаги (Жоржия штати) электрон тизимида юз берган носозлик бир неча юзлаб рейсларнинг кечикишига олиб келган.
Ушбу маълумотни АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) ҳам тасдиқлаган.
“Delta” авиакомпания самолётларининг вазни ва марказлаштирилишини автоматик ҳисоблаш тизимидаги носозликларни бартараф этиш устида ишламоқда. Ушбу кечикишлар АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармасининг ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларидан бирортаси билан боғлиқ эмас”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни ҳаво ҳаракатини бошқариш марказларига таъсир кўрсатган алоқа тизимидаги носозлик туфайли FAA мамлакатнинг барча аэропортларидан самолётлар парвозини тўхтатиб қўйган эди. Чекловлар рейсларнинг оммавий кечикиши ва бекор қилинишига олиб келган, авиадиспетчерлар эса ҳавода бўлган самолётлар ҳаракатига тузатишлар киритишга мажбур бўлганди.
Live
Барчаси