Саудия аэропорти яна ҳужумга учради. Қурбон бор (видео)

World

−

image

Саудия Арабистонининг Даммам шаҳридаги Подшоҳ Фаҳд халқаро аэропортига ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 21 октябрь куни кечқурун содир бўлган. Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бошқармаси маълумотига кўра, ҳужум оқибатида аэропортга ҳам моддий зарар етган. “Flightradar24” халқаро парвозларни кузатиш хизмати айрим самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилганини билдирган.

Ҳозирча ҳужумни ким амалга оширгани ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ямандаги ҳусийлар ҳам ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган. Саудия Арабистони коалицияси эса мамлакатнинг шарқий ҳудудида тўртта дрон ҳужуми қайтарилганини маълум қилган.

Ҳужум АҚШ Саудия Арабистонидаги айрим дипломатлари ва давлат хизматчилари оилаларига мамлакатни тарк этишни буюрганидан кейин содир бўлган. Бунга мамлакатдаги кетма-кет ҳужумлар ва можаро янада кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган.

Бундан аввал Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги мамлакат жануби-шарқидаги Saudi Aramco компанияси ишлатадиган нефть конида уриб туширилган дрон қолдиқлари икки кишининг ўлимига сабаб бўлганини билдирган. Яна икки киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар Непал ва Филиппин фуқаролари, жароҳатланганлар эса Покистон ва Ҳиндистон фуқаролари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонида ҳусийлар томонидан амалга оширилгани айтилган икки ҳужум оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди. Жумладан, Подшоҳ Холид халқаро аэропортининг 3-терминалига баллистик ракета орқали ҳужум уюштирилиши оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси енгил жароҳат олди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends