Ҳусийлар Саудиядаги йирик нефть заводига зарба берди

Олам

−

visibility1547 timer3 дақиқа

image

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлари Саудия Арабистонидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи – Рас-Танурага ҳужум қилганини маълум қилди. Шунингдек, улар пойтахт Ар-Риёддаги молиявий ҳудудга ҳам зарба берилганини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари Рас-Танура заводига қилинган ҳужум оқибатида ёнғинлар келиб чиққанини билдирган. Завод Саудия Арабистонининг Форс кўрфази соҳилида жойлашган бўлиб, мамлакат хом нефтини экспорт қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик мажмуа таркибига киради.

“Reuters” хабарида қайд этилишича, ҳужум завод атрофида катта ҳудудни қамраб олган. Агентлик билан суҳбатлашган вазиятдан хабардор манба ҳам нефтни қайта ишлаш мажмуасига ҳужум қилинганини тасдиқлаган. NASA ва Planet Labs сунъий йўлдош тасвирларида завод устида қалин қора тутун кўтарилгани акс этган. Саудия ҳукумати ва давлатга тегишли Aramco нефть компанияси эса ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.

Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция шу куни мамлакатнинг Шарқий вилоятида жойлашган Рас-Танура ҳудудида ҳаво мудофааси тизимлари тўртта дронни аниқлаб, йўқ қилганини маълум қилган. Бироқ коалиция заводнинг ўзига зарба берилганини тасдиқламаган.

Кунига 550 минг баррел нефтни қайта ишлаш қувватига эга Рас-Танура мажмуаси аввал ҳам ҳусийлар билан можаро ва кенг кўламли Эрон уруши давомида ҳужумларга учраган. У Саудия Арабистонининг Форс кўрфази соҳилидаги асосий нефть экспорт марказларидан бири ҳисобланади. Бироқ АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушдан кейин мамлакатнинг ғарбий соҳилидаги Янбу портининг аҳамияти ортган. У ерга нефть Шарқ – Ғарб қувури орқали етказилади.

Ҳусийлар Яманнинг ғарбий қисми, жумладан, пойтахт Сано устидан назорат ўрнатган. Гуруҳ июль ойида Яманда музлатилган фуқаролар уруши қайта авж олганидан бери Саудия Арабистони аэропортлари, нефть инфратузилмаси ва офис биноларига ҳужум қилиб келмоқда. Бу жараён АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушнинг Яманга таъсири билан боғлиқ.

Аввалги ҳужумлар Aramco компаниясининг айрим операцияларини вақтинча тўхтатишга, шунингдек, Ар-Риёдга халқаро авиақатновларнинг аксарияти бекор қилинишига сабаб бўлган. Саудия Арабистони футбол бўйича Осиё кубоги ва FII халқаро инвестиция конференцияси каби йирик тадбирларни ҳам қолдиришга ёки бекор қилишга мажбур бўлган.

Коалиция 25 ноябрь куни кечқурун ҳусийлар томонидан Қизил денгиз соҳилидаги Жазан портига учирилган снаряд тушганини ҳам маълум қилди. Ҳодиса оқибатида кичик миқдорда зарар етган, аммо тинч аҳоли вакиллари жабрланмаган. Ҳусийлар эса Жидда ва Жазан портларига ҳам ҳужум қилганини билдирган. Бироқ Жидда портига зарба берилгани ҳозирча тасдиқланмаган.

Саудия Арабистони ва ҳусийлар ўртасидаги тўқнашувлар гуруҳ сентябрь ойида Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги стратегик ҳудудларни эгаллаб, Боб ал-Мандаб бўғози томон ҳаракатланганидан кейин янада кучайган. Мазкур бўғоз Арабистон яриморолининг бошқа томонида жойлашган Ҳурмуз бўғози каби жаҳон нефть ташувлари учун муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланади.

Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари, шунингдек, Ар-Риёднинг молиявий ҳудудига уч босқичда ҳужум қилинганини айтган. Саудия фуқаро мудофааси хизмати эса 24 ноябрь куни пойтахтдаги молиявий ҳудудда жойлашган бинога зарба берилиши оқибатида 11 киши жароҳатланганини маълум қилган. Зарба берилган минора мамлакатнинг суверен инвестиция жамғармаси – Public Investment Fund бош қароргоҳини ҳам ўз ичига олади. Бу бир ҳафта ичида мазкур бинога иккинчи ҳужум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти ва молиявий марказга иккита баллистик ракета учирганлиги ҳақида хбар берилган эди. Ҳужум оқибатида Ар-Риёд молия марказидаги бинонинг бир неча қавати ва унинг атрофидаги биноларга моддий зарар етган. Бироқ ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг