22 қаватли бино қулаб, ўнлаб одамлар ўлгани муносабати билан мотам эълон қилинди
Олам
−
05 Ноябрь 2021
18345Аввалроқ, Нигериянинг йирик шаҳарларидан бири Лагосда “люкс” квартиралар жойлашиши керак бўлган 22 қаватли бино қулаб тушгани ҳақида хабар бергандик.
Бугун, 5 ноябрь куни Лагос штатида бино қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар учун уч кунлик мотам бошланди. Бу ҳақда Нигериянинг “Punch” газетаси хабар берган.
Таъкидланишича, бугун эрталаб вайроналар остидан 38 кишининг жасади топилган, улар орасида қулаган бино қурилиши билан шуғулланган компания эгаси ҳам бор. Тўққиз киши тирик топилган, улар ҳозир шифохонада. Қулаш жойида қидирув ишлари давом этмоқда.
Лагос штати губернатори Бабажиде Санво-Олу уч кунлик мотам эълон қилиш ҳақидаги буйруқни чиқарган. Шу билан бирга, у томонидан тузилган комиссия бундай офатга олиб келган ҳолатларга ойдинлик киритиш учун иш бошлаган.
Маълумот ўрнида, нуфузли Икойи туманида қурилаётган, “люкс” квартиралар жойлашиши керак бўлган ҳашаматли турар-жой биноси жорий йилнинг 1 ноябрь куни тушдан кейин қулаб тушган. Бинони келгуси йилда фойдаланиш учун топшириш режалаштирилган эди.
Сўнгги йилларда Лагосда бир нечта шунга ўхшаш қулаш ҳодисалари бўлган. 2019 йилда мактаб биноси қулаши оқибатида 10 киши ҳалок бўлган. 2014 йилда таниқли евангелист томонидан ўтказилган маросим пайтида олти қаватли бино қулаб тушган ва 116 киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь