Иттифоқ давлати. Путин ва Лукашенко янги қарорни имзолади
Олам
−
05 Ноябрь 2021
8617Россия ва Беларусь Президентлари Владимир Путин ҳамда Александр Лукашенко Иттифоқ давлатининг интеграция қарорини имзолади.
“Кўрдим, Путин имзолади ва мен ҳам имзолайман”, деган Лукашенко онлайн мажлисда.
Қарор билан жорий йилнинг сентябрь ойида тасдиқланган барча 28 та иттифоқ дастурлари, шунингдек 2021-2023 йилларга мўлжалланган Иттифоқ давлатини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тасдиқланган.
Путин интеграция ҳақидаги қарорнинг имзоланишини олдинга катта қадам деб атаган.
“Бунинг мамлакатларимиздаги ички сиёсий кун тартибига мутлақо алоқаси йўқ. Бу пировард натижада фуқароларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган ишимиз самарадорлигини ошириш учун иқтисодиётларимизни самарали бошқариш ва рақобатдош устунликларни яратиш зарурати билан боғлиқ”, деган у.
Иттифоқ давлати бўйича дастурлар валюта тизимларининг интеграциясини, билвосита солиқларни ундиришнинг умумий тамойилларини, пенсия ва ижтимоий таъминот масалаларига ягона ёндашувни, терроризмга қарши курашни, давлат харидлари ва давлат буюртмаларига ўзаро киришни назарда тутади.
Бундан ташқари, макроиқтисодий сиёсат умумий бўлади, мамлакатлар тўлов тизимларини бирлаштиради ва пул-кредит сиёсатини уйғунлаштиради, қўшма нефть ва газ бозорларини шакллантиради ва ҳоказо. Шунингдек, етакчилар Иттифоқ давлатининг Ҳарбий доктринаси ва икки давлатнинг миграция сиёсати концепциясини қабул қилган.
Маълумот ўрнида, 1999 йил 8 декабрда Россия ва Беларусь ўртасида Иттифоқ давлатини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ҳужжатнинг 20 йиллигига қадар соҳанинг йўл хариталарини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Кейин Москва ва Минск уларни иттифоқ интеграцияси дастурларига айлантирди. Уларнинг аксарияти 2025 йилгача, баъзилари еса 2027 йилгача ҳисобланади. Москва ҳам, Минск ҳам иттифоқ дастурларида суверенитетни йўқотиш билан боғлиқ сиёсий масалалар йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь