Ҳиндистонда ҳаво сифати ўта хавфли даражага тушиб кетди
Олам
−
05 Ноябрь 2021
7465Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида ҳаво ифлосланиши ўта хавфли даражадан ошиб кетди. Ҳинд олимлари бу каби ифлосланган ҳаво шаҳар аҳолисининг умрини ўртача 6 йилга қисқартиришини таъкидлаган. Бу ҳақда ТАCC хабар бермоқда.
Мамлакат метеорология департаменти маълумотларига кўра, пойтахтда ҳаво сифати индекси (AQI) 500 дан ошган. Ҳаво сифати жорий йилнинг 7 ноябригача яхшиланмайди.
Ҳукумат аҳолини уйдан чиқмасликка чақирмоқда. Шаҳарни қалин смог қоплаган, мактаблар ёпилган, 30 дан ортиқ парвозлар бошқа шаҳарларга йўналтирилган, қурилиш ишлари тўхтатилган.
Ҳаво ифлосланишига асосий сабаб Нью-Деҳли атрофидаги сомон майдонларининг йиғим-теримдан кейин оммавий ёниши деб айтилмоқда.
Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўлчовчи асбоблар максимум рақамни кўрсатаётгани, бу орқали ҳақиқий ҳолатни билиб бўлмаётганини маълум қилди.
Душанбадан бошлаб пойтахтда автомобиль ҳаракатини чеклаш тартиби ўрнатилган. Мактаблар сешанба кунигача ёпиқ қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди.
Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь