QALAMPIR.UZ дайжести: судда ютқазган Усмонова, Путиннинг огоҳлантириши, ЙТҲга учраган Президент кортежи

Жамият

image

Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон ва халқаро майдон муҳим воқеликларга бой бўлди. Кун давомида хонанда Юлдуз Усмонованинг судда ютқазгани муҳокама қилинган бўлса, “Катта йигирматалик” давлат раҳбарлари Римда тўпланди, Путин эса G20 саммитида дунё ҳамжамиятига мурожаат қилди. Шу каби янгиликларнинг қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.

Жамият

Хонанда Юлдуз Усмонова шоир Йўлчи Рўзиевга судда ютқазди

Кеча, 29 октябрь куни Йўлчи Рўзиевнинг Юлдуз Усмоновага қарши очган даъвоси Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.

Қайд этиш керакки, даъвогар Йўлчи Рўзиев жорий йилнинг 20 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига жавобгар Юлдуз Усмоновага нисбатан “Хаста бўлма” қўшиғининг шеър муаллифи сифатида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ИШИД террорчиси Ўзбекистонга олиб келинди

Халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган И.О. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан хориждан Ўзбекистонга олиб келинди.

Маълум бўлишича, И.О. 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россия Федерациясига боради ва Интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришади.

9 ойда табиатга зарар етказганлардан 16,3 млрд сўм ундирилди – Экология қўмитаси

Ўтган 9 ой мобайнида 34 275 нафар шахс атроф-муҳитни асрашга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани аниқланди. 32 млрд сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарлар ҳисобланиб, 16,3 млрд сўм ундириб олинган. 

1365 та ҳолат бўйича 15 млрд сўм жарима ва табиатга етказилган зарарларни ундириш юзасидан тайёрланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилган. 12 та ҳолат бўйича 1,6 млрд сўмлик даъволар юзасидан қонунбузарлик содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича иш қўзғатилди.

ДХХ $373 мингни Қирғизистонга олиб ўтаётган шахсни ушлади

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Фарғонада 370 мингдан ортиқ АҚШ долларини мамалкатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйди. 

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Фарғона туманининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудуди бўйлаб ҳаракатланаётган, 1980 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Текширув натижасида, автомашина салонида 373 минг 717 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Айрим давлат хизматлари кўрсатишда тўлов камайтирилади

Чет тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатининг дубликати берилганлиги учун давлат хизматлари кўрсатишдаги тўлов миқдорлари камайтирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарор билан бир қатор давлат хизматлари кўрсатишдаги тўлов миқдорлари камайтирилди. Жумладан, Чет тилини билиш даражаси тўғрисида малака сертификатининг дубликати берилганлиги учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши белгиланди.

Ангренда 11 яшар қиз доридан вафот этгани бўйича текширув бошланди

Аввалроқ, Ангрен шаҳрида 11 ёшли қиз "Цефтриаксон" дори воситаси сабаб вафот этганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бош прокуратура Матбуот хизмати мазкур воқеа бўйича расмий муносабат билдирди. Аниқланишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 11 ёшли Г.Р. 20.10.2021 йилда вафот этган. 

Иссиқлик таъминоти учун сувнинг ҳароратига қараб пул тўлаш тартиби ўрнатилади — Қурбон Турсунов

Иссиқлик таъминоти учун ҳисоблагич орқали пул тўлаш тартиби жорий қилинади. Бунда аҳоли сувнинг ҳароратига қараб тўлов қилади.

“Бундан кейин барча лойиҳаларимиз марказий ҳисоблагич орқали амалга оширилади. Иссиқлик таъминотига ҳам ҳисоблагич билан тўлаш белгиланди. Бу жорий йилдан бошланди. Улгуржи истеъмолчилар ҳисоблагич орқали пул тўлайди. Фақат аҳоли метр квадратдан келиб чиқиб ҳисобланади. Иссиқ олса ҳам, совуқ олса ҳам бир хил пул тўлайди. Масалан, ташқи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда, биз ҳам иссиқлик таъминоти корхонасида ҳароратни баландроқ қилишимиз керак. Табиийки газ сарфи кўпаяди. Лекин аҳоли томонидан тўланадиган сумма бир хил”, деган  Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари.

Афғонистон Ўзбекистондан қанча қарз? Сўз Мирзиёевнинг махсус вакилига

Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси учун 10 миллион доллардан ортиқ қарздор.

“Қўшни давлат сифатида биз афғон халқидан юз ўгирмаслигимиз керак. Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси учун 10 миллион доллардан ортиқ қарздор. Шунга қарамай, биз афғон аҳолисини электр энергияси билан таъминлашда давом этамиз, чунки биз одамларнинг овқат пишириши ва исиниши учун керак бўлган электр энергиясисиз қолдира олмаймиз”, дейди  Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев.

Муҳим лойиҳа: Ўзбекистон Эрон порти орқали денгизга чиқмоқчи

Ўзбекистон Ҳиндистон ва Эрон билан савдо учун денгиз йўлларига чиқишни яхшилаш ва диверсификация қилиш бўйича мамлакатнинг саъй-ҳаракатлари доирасида Эроннинг Макран соҳилидаги Чабаҳар порти орқали коммуникацияларни ривожлантириш бўйича қўшма режани илгари суради.

Чабаҳар портидан биргаликда фойдаланиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи виртуал учрашуви 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган, ҳозир эса томонлар иккинчи учрашув санасини белгиламоқда.

Олам

Байден кортежидаги автомобиль ЙТҲга учради

Кеча, 29 октябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден кортежидаги автомобил Римда кичик йўл-транспорт ҳодисасига учради. АҚШ етакчиси бир кун аввал G20 саммитида иштирок этиш учун Италияга келганди. 

Қайд этилишича, президент кортежиданги автомобиль Ватикандан Квиринал саройига (Италия Президентининг расмий қароргоҳи – таҳр.) жўнаб кетаётганда кичик йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисига айланган.

ЖССТ янги хавфли вирус пайдо бўлишидан огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус янги вирус пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.  

“Биологик нуқтаи назардан, ҳеч қандай шубҳа йўқки, қачондир бошқа вирус пайдо бўлади, биз вазиятни қўлга ололмаймиз”, деган у “Катта йигирматалик” давлатлари Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлари йиғилишида. 

Ливан ва Саудия Арабистони ўртасида можаро. Низога нима сабаб бўлди? 

Ливан Ахборот вазири Георг Кордахининг Ямандаги уруш билан боғлиқ сўзлари Саудия Арабистони билан катта низони келтириб чиқарди. 

Бир неча кун олдин Ливан оммавий ахборот воситалари Кордахининг “Al-Jazeera” телеканалига берган интервьюсидан парчаларни эълон қилди. Унда вазир Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг Ямандаги ҳаракатлари тажовузкорлик эканини ва “Ансоруллоҳ” гуруҳидаги исёнчилар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлаётганини айтган. Кейинчалик у бу сўзлар август ойида, вазир этиб тайинланишидан олдин берган интервьюсида айтилганини таъкидлаган.

“Арқадағ”нинг ўринбосари толиблар билан маслаҳатлашиш учун Қобулга борди

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бугун, 30 октябрь куни Афғонистон пойтахтига мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун борди. 

Қобул аэропортида Туркманистон вазирини “Толибон” томонидан тайинланган Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Моттакий, Афғонистон Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид ва бошқа юқори мартабали “Толибон” аъзолари кутиб олган. 

Путин дунёни глобал инфляция хавфидан огоҳлантирди

Дунёда глобал инфляция хавфи бор, вазиятнинг оғирлашишига йўл қўймаслик, балки бюджет сиёсатини нормаллаштириш муҳим.

Путиннинг сўзларига кўра, иқтисодиётни ҳаддан ташқари рағбатлантириш умумий беқарорликка, молиявий активлар ва айрим бозорларда товарлар: энергия, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг нархлари ошиб кетишига олиб келган. Бу ҳодисаларнинг асосий сабаби – ривожланган иқтисодиётларда жиддий бюджет тақчиллиги.

Спорт

Орзусига эришган Махачевдан кўзи қонга тўлган Янгача: бугун UFC 267 бўлиб ўтади

Бугун, 30 октябрь куни БАА пойтахти Абу-Дабидаги “Жанглар ороли”да UFC 267 мусобақаси бўлиб ўтади.

Кечанинг асосий жанги ярим оғир вазн тоифаси чемпиони Ян Блахович ва Гловер Тейшейра ўртасида кечади. Шунингдек, жанг оқшомидан яна бир қатор қизиқарли тўқнашувлар ўрин олган.

Ўта енгил вазн тоифасининг собиқ чемпиони Пётр Ян Кори Сендҳагенга қарши жанг қилса, енгил дивизион вакили Ислом Махачев Ден Хукерни синовдан ўтказади.

Бокс бўйича ЖЧ: Нодиржон Мирзаҳмедов рақибига имконият қолдирмади

Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг олтинчи кун беллашувларига старт берилди.

Бугун, 30 октябрь куни 48 кг вазн тоифасида Нодиржон Мирзаҳмедов ирландиялик Рикки Несбитга қарши рингга кўтарилди ва 3 раунд давом этган жангда ишончли ғалабани қўлга киритди. Мирзаҳмедов чорак финалда Қозоғистон вакили Темиртас Жуссуповга қарши баҳс олиб боради.

Ўзбекистон Бангладешга жавобсиз 6 та гол урди

Хабарингиз бор, айни дамда Тошкент шаҳрида Осиё кубоги саралаш босқичи “D” гуруҳи ўйинлари давом этмоқда.

Бугун, 30 октябрь куни 2-тур доирасида Бангладеш терма жамоаси ва Ўзбекистон U-23 терма жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур баҳсда мезбонлар йирик – 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги голларга Улуғбек Ҳошимов (дубль), Элдорбек Бегимов, Аслиддин Тоштемиров, Аббосбек Файзуллаев ва Алишер Одилов муаллифлик қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг