Ливан ва Саудия Арабистони ўртасида можаро. Низога нима сабаб бўлди? 

Олам

image

Ливан Ахборот вазири Георг Кордахининг Ямандаги уруш билан боғлиқ сўзлари Саудия Арабистони билан катта низони келтириб чиқарди. 

Бир неча кун олдин Ливан оммавий ахборот воситалари Кордахининг “Al-Jazeera” телеканалига берган интервьюсидан парчаларни эълон қилди. Унда вазир Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг Ямандаги ҳаракатлари тажовузкорлик эканини ва “Ансоруллоҳ” гуруҳидаги исёнчилар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлаётганини айтган. Кейинчалик у бу сўзлар август ойида, вазир этиб тайинланишидан олдин берган интервьюсида айтилганини таъкидлаган.

Ливан Бош вазири Нажиб Микати ҳукумати аъзосининг Ямандаги уруш бўйича фикрларига қуйидагича муносабат билдирди:

“Ахборот вазири Георг Кордахининг муҳокама қилинаётган ва вазирликка тайинланишидан бир неча ҳафта олдин берган интервьюсида айтилган сўзларига келсак, бундай баёнотлар қабул қилиниши мумкин эмас ва ҳукуматнинг расмий позициясини ифодаламайди, айниқса Яман масаласи ҳамда Ливан ва араб биродарлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида”. 

Ўз навбатида, Ливан Ахборот вазири Саудия Арабистони ва БААни ранжитмоқчи эмаслигини айтган.

“Менинг сўзларим оғриқли урушнинг тугашига сабаб бўлса яхши бўларди”, дея қўшимча қилган у.

Яманнинг тан олинган ҳукумати Ахборот вазири Муаммар Ал-Иряний ливанлик ҳамкасбининг сўзларини изоҳлар экан, шундай деб ёзган: 

“Биз Ливан Ахборот вазири Георг Кордахининг яманликларга нисбатан ҳурматсизликни акс эттирувчи баёнотларини кўриб чиқамиз”.

Ушбу воқеалар ортидан Саудия Арабистони ўзининг Ливандаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олган ва Ливаннинг подшоҳликдаги элчисидан мамлакатни тарк этишини талаб қилган.

“Подшоҳлик Ливандаги элчисини чақириб олди, Ливаннинг подшоҳликдаги элчисидан кейинги 48 соат ичида мамлакатни тарк этишини талаб қилди ва Ливандан подшоҳликка импортни тўхтатишга қарор қилди”, деб хабар берган Саудия Арабистони давлат телеканали.

Ливан Бош вазири Нажиб Микати эса можаро туфайли Ахборот вазири Георг Кордахининг истеъфога чиқишини сўраган.

“Микати Кордахидан “миллий манфаатларни” баҳолаб, керакли қарорни қабул қилишни сўради”, дейилган Ливан телеканали хабарида. 

Таъкидланишича, бугун, 30 октябрь куни Ливанда Саудия Арабистони билан юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш йўлларини топиш мақсадида вазирлар даражасидаги фавқулодда йиғилиш ўтказилади. Унга Ливан Ташқи ишлар вазири Абдулла Буҳабиб раислик қилади. 

Қайд этилишича, мамлакат ташқарисида иш сафарида бўлган Бош вазир Нажиб Микатининг топшириғи муносабати билан Буҳабиб мамлакат Президенти Мишел Аун билан келишилган ҳолда учрашув ўтказади. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Баҳрайн ҳам Ливан элчисидан 48 соат ичида мамлакатни тарк этишни талаб қилган. Қайд этилишича, бу қарор мамлакатда доимий яшовчи ливанликларга тааллуқли эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Яман Ливан

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг