Қозоғистондаги талатўплар оқибатида қанча зарар етгани очиқланди 

Олам

image

Қозоғистонда бугун, 12 январь ҳолатига кўра, тартибсизликлар натижасида етказилган зарар миқдори 240 миллион доллардан ошди. Бу ҳақда “Атамекен” мамлакат тадбиркорлар миллий палатаси эълон қилди.  

Кеча, 11 январь куни мамлакатдаги тартибсизликлардан етказилган зарар миқдори 220 миллион долларга етган. 

“12 январь куни соат 9:00 (Тошкент вақти билан 8.00) ҳолатига етказилган зарарнинг умумий миқдори тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 103,7 миллиард тенгедан ортиқни (Олма-отада 102,2 миллиард тенге) ташкил этган”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, 11 та ҳудудда зарар етказилган 1615 та тадбиркорлик субъекти ва 1885 та объект аниқланган, шундан 1506 та субъект ва 1771 та объект Олма-ота шаҳрига тўғри келади. 

Зарар етказилган тадбиркорлик субъектлари: 

•  савдо – 1482 та; 
•  умумий овқатланиш – 44 та; 
•  молия сектори – 61 та; 
•  логистика – 23 та; 
•  оммавий ахборот воситалари – 5 та.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг