Икки ҳарбий иттифоқчи низоси: Тожикистон ўз фуқароларини Қирғизистонга бормасликка чақирди

Олам

image
Қирғизистон чегараолди аҳолисига қурол тарқатмоқчи north_east

Қирғизистон чегараолди аҳолисига қурол тарқатмоқчи

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини Қирғизистонга ҳар қандай саёҳатдан воз кечишга ва ушбу давлат ҳудудидан бошқа давлатларга бориш учун транзит сифатида фойдаланмасликка чақирди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида хабар берилган.

Маълум қилинишича, Тожикистон томонининг бундай чақирувига Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг 24 майдаги “Тожикистон билан давлат чегарасини кесиб ўтишни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида”ги қарори сабаб бўлган.

“Ҳар қандай транспорт тури билан юк ва йўловчи ташишни амалга оширувчи Тожикистон Республикасининг юридик шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлари Қирғизистон Республикаси ҳудудидан фойдаланмасликлари, ушбу ҳудудни учинчи давлатлардаги муқобил йўллар орқали босиб ўтиши керак”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хабарда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ҳудудида агар мамлакат фуқароларининг ҳуқуқлари бузилса ёки уларга нисбатан хуруж намоён бўлса, Тожикистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ишонч телефонига мурожаат қилишни сўраган.

Икки давлат ўртасидаги зиддият оқибатида сафарга чиққан йўловчилар, аллақачон, сарсон бўлишни бошлаб юборган. Жумладан, “Somon Air” авиакомпаниясининг самолёти 25 майга ўтар кечаси Душанбедан Бишкекка учган. Қирғизистоннинг Манас аэропортига қўнган самолёт йўловчилари, ҳатто, самолёт бортидан ҳам туширилмай, тўрт соат кутиб, яна Душанбега қайтиб учиб кетган. Тожикистоннинг Бишкекдаги консулининг айтишича, чекловлар тўғрисида расмий Душанбе олдиндан хабардор қилинмаган ва оқибатда оддий фуқаролар қийинчиликларга дуч келган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 майдаги фармонига биноан, Тожикистон фуқаролари учун Қирғизистон ҳудудига кириш/чиқиш, қолиш, ҳаракатланиш ва транзит орқали ўтишда вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси раиси Улуғбек Марипов ушбу қарорни чегара масалалари билан асослаб берди.

Маълумот учун, Тожикистон ва Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо. Ташкилот аъзо мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий яхлитлигини таъминлашга йўналтирилган. Ташкилотга аъзо давлатга ташқи ҳарбий-сиёсий тажовуз содир этилганда, халқаро террористлар ҳужум қилганда ҳамда кенг кўламли табиий офат юз берганда бошқа иштирокчилар армия ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар орқали кўмак бериши белгиланган. Ташкилотга бу икки давлатдан ташқари Россия, Қозоғистон, Арманистон ва Беларусь киради.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.

Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.

Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.

3 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарадан қўшимча ҳарбий кучларни тўлиқ олиб чиқди.

Шу куни 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллаб, отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтди.

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади.

Қолаверса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар юзасидан Қирғизистон томонига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон чегарадаги воқеаларни ҳарбий босқинчилик деб атаганди. Тожикистон ушбу можарони тажовузкорлик деб баҳолади.

4 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тожик-қирғиз чегарасида юз берган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган тожикистонликларнинг уйларини давлат бюджетидан қайта қуришга кўрсатма берди.

Тожик-қирғиз можаросидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ишдан олинди.

Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан тожик-қирғиз можаросидаги вазият ҳақида гаплашди.

10 май куни Россия томонининг ташаббуси билан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Унда Путин Россия Федерацияси Қирғизистон Республикасига чегара можаросининг гуманитар оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг