Фарғонада ушланган ИШИД тарафдори, улушини оширган Усмонов, чўчқа юракли одам… Кеча нималар бўлди?
Таҳлил
−
12 Январь 2022
17797Жамият
Тўрт вилоятда Одам ДНКси экспертизаси йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертизаси соҳасида экспертлик ишларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Фарғона, Сурхондарё, Хоразм ҳудудий бўлимларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Самарқандда Одам ДНКсига қўшимча равишда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари ташкил қилинади.
Навоийда аёл ухлаб ётган эрини болта билан чопиб ташлади
Навоийда икки боланинг онаси бўлган аёл турмуш ўртоғини ухлаб ётган жойида 13 марта болта билан уриб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда "Yangi davr" кўрсатувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 1 август куни Навбаҳор туманининг “Келачи” маҳалласида яшовчи аёл ўзаро можародан ғазабланиб, ухлаб ётган эрининг бўйнига болта билан урган. Эркак биринчи зарбадаёқ ўлишига қарамай, танага яна 13 марта зарба берган.
Фарғонада 19 яшар “Ислом давлати” террористик ташкилоти тарафдори ушланди
Фарғонада "Ислом давлати" террористик ташкилоти тарафдори қўлга олинди. У яқин алоқаларидан иборат яширин "жамоат" тузиб, улар орасида "Ислом давлати" террористик ташкилоти ғояларини тарғиб қилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Фарғонада яшовчи, 2003 йилда туғилган У.М. ижтимоий тармоқ орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб, Суриядаги "Ислом давлати" халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш мақсадида 2021 йилнинг апрель ойида Туркия давлатига борган.
Қозоғистонда ўзбекистонликлар ҳибсга олинганми? ТИВ расмий баёнот берди
Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги Элчихонаси, Олма-ота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилди”, дейилади хабарда.
Алишер Усмонов “Kapitalbank"даги улушини оширди
Асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга алоқадор компания “Kapitalbank"нинг 8,33 фоиз акцияларини сотиб олди ва банк устав капиталидаги улушини 25 фоизгача оширди. Бу ҳақда “Тошкент” Республика фонд биржаси маълум қилди.
Банкнинг ушбу акцияларини Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинг компанияси шуъба корхонаси — “Телекоминвест” МЧЖ харид қилган.
“Мана сенга олам-олам пул”. “Бухоро нефть базаси”да қанча пул еб юборилгани очиқланди
“Бухоро нефть базаси” МЧЖда маҳсулотларни ноқонуний етказиб бериш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Қайд этилишича, МЧЖ томонидан қурилиш корхоналарига асоссиз равишда 298,1 млн сўм миқдорида, ходимларга 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш ҳақи ва мукофот пуллари тўлаб берилган. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, нефть маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилгандан сўнг етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида “Бухоро нефть базаси” МЧЖда 50,5 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида, нефть базаси бўйича 984,7 млн сўм маблағ “умидсиз” қарзга айланиб улгурган.
Тошкентда қора “маска”лилар жами 14 та қарағайни арралаб кетди
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида 18 дона элдор қарағайдан 10 тупи номаълум кимсалар томонидан тунда арралаб кетилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудни аукцион орқали қўлга киритган фуқаро ушбу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бунга рад жавобини берган.
Олам
Рузахунов Бишкекка қайтарилди. Қирғизистон Қозоғистонда икки қурбон берди
Қозоғистонда ҳибсга олинган қирғизистонлик жазз мусиқачиси Викрам Рузахунов кеча, 10 январь куни ватанига қайтарилди.
У кеча “Оқ-Жол” назорат-ўтказиш пунктида чегарани кесиб ўтган.
Журналистлар ва фаоллар уни назорат-ўтказиш пунктида бир неча соат кутишди, лекин Рузахунов билан учраша олишмаган. Мусиқачи назорат пунктидан консуллик машинасида олиб кетилган.
АҚШда фавқулодда ҳолат: коронавирусга чалиниш бўйича янги жаҳон рекорди қайд этилди
Америка Қўшма Штатларида бир кунда 1,13 миллион янги COVID-19 ҳолати аниқланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Агентликнинг таъкидлашича, бу кўрсаткич янги жаҳон рекордига айланган. Шу билан бирга, инфекцияларнинг якуний сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилган, чунки Американинг барча штатлари касалланиш бўйича маълумотларни эълон қила олмаган.
“Юқумли “omicron” штамми тарқалишининг секинлашуви бўйича белгилар йўқ”, дейилади нашрда.
Хитой ва Россия Марказий Осиёда уруш қўзғатилишига йўл қўймаслиги керак – ХХР
Россия ва Хитой Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига ташқи аралашув бўлишига қарши туриши керак. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон суҳбатида айтиб ўтган.
“Томонлар мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда, Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига ташқи кучларнинг аралашувига қарши туришда, шунингдек, “рангли инқилоблар” ва “уч ёвуз куч” (терроризм, экстремизм, сепаратизм) бетартибликни вужудга келтиришига йўл қўймасликлари керак”, деган у.
Россия самолёти фавқулодда Урганчга қўнди
Москва — Қарши рейсини амалга ошираётган Россиянинг “S7 Airlines” авиакомпанияси самолёти йўловчилардан бирининг тоби қочгани сабаб фавқулодда Урганчга қўнди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 11 январь куни соат 01:42 да Россиянинг “S7 Airlines” авиакомпаниясининг Москва — Қарши йўналишида SB-I3313 рейсини амалга ошираётган самолёти Урганч аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширган.
Чўчқанинг юраги одамга муваффақиятли кўчириб ўтказилди
Америкалик шифокорлар гени ўзгартирилган чўчқанинг юрагини илк бор одамга муваффақиятли кўчириб ўтказди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, саккиз соатлик операция Балтиморда жорий йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган. Мэриленд университети тиббиёт маркази жарроҳларига кўра, 10 январь куни бемор — 57 ёшли Дэвид Беннеттнинг аҳволи яхши бўлган. У ҳали аппаратга уланган, аммо янги юрак ишламоқда ва ишнинг катта қисмини бажармоқда.
Ўзини ўлдирган ИИБ бошлиғи намойишчиларга ўқ узишга қарши чиққан
Ўз жонига қасд қилган Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Жанат Сулайманов Қозоғистонда намойишлар авжига чиққанда уларга қарата ўқ узмасликка буйруқ берган. Бу ҳақда “Orda.kz” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 январидан 6 январга ўтар кечаси департаментга ҳужум бўлган вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бинони тарк этишган. Полициячиларнинг нашрга маълум қилишича, очиқ тўқнашувлардаги отишма пайтида тинч аҳолига зарар етказиш хавфи жуда юқори бўлган.
Спорт
Аҳмадалиев мажбурий даъвогарга қарши рингга кўтарилади
Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида IBF ва WBА йўналиши чемпиони Муроджон Ахмадалиев ва мажбурий даъвогар Марлон Тапалес ўртасидаги жангни ташкил этиш учун аукцион эълон қилди. Аукцион жорий йилнинг 18 январь куни IBF’нинг Нью-Жерси штати Спрингфилд шаҳрида жойлашган штаб-квартирасида бўлиб ўтади.
Ташкилот томонларга келишувга эришиш учун 2 февралга қадар муҳлат берганди. Бироқ, Тапалеснинг жамоаси ушбу жараённи муддатидан аввал ўтказиш таклифи билан чиқди. Ўз навбатида IBF буни маъқуллади.
“Пахтакор”га хорижлик янги мураббий тайинланди
Бугун, 11 январь куни Славче Войнески Тошкентнинг “Пахтакор” клубига янги бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Войнески жамоани тарк этган Питер Хюистранинг ўрнини эгаллайди. Македониялик мутахассис “шерлар” билан бир йиллик шартнома имзолаган.
Йўналиш ўзгарди: Роналду ПСЖ футболчисига айланиши мумкин
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду ПСЖ футболчисига айланиши мумкин. Бу ҳақда “Le 10 Sport” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужумчи Килиан Мбаппе Париж клубини тарк этишга яқин турибди, шу боис раҳбарият таркибни кучайтириш вариантларини қидирмоқда. Манбанинг хабарига кўра, агар Роналду “Қизил иблислар” сафини тарк этадиган бўлса, Париж клуби вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь