“Пахтакор”га хорижлик янги мураббий тайинланди

Спорт 3031
image

Бугун, 11 январь куни Славче Войнески Тошкентнинг “Пахтакор” клубига янги бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Войнески жамоани тарк этган Питер Хюистранинг ўрнини эгаллайди. Македониялик мутахассис “шерлар” билан бир йиллик шартнома имзолаган. 

Қайд этиш жоиз, 47 ёшли Славче Войнески Шимолий Македонияда турли тоифадаги ёшлар терма жамоаларида узоқ муддатли фаолияти билан танилган. 

“У 1999-2004 йиллар оралиғида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ишлаган. 2004-09 йилларда эса Шимолий Македония терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида меҳнат қилган. Асосан Сречко Катанец ва Драго Канатларовскига ёрдам берган. Шундан кейин Туркияда “Элазигспор”, “Генчлербирлиги”, “Газиантепспор” ва “Ризеспор” клубларининг мураббийлар штабида фаолият олиб борган. 2019 йил Словакиянинг “Серед” клубида бош мураббий сифатида ишлаган. У ёшлар билан тизимни йўлга қўйиш орқали яхши ишлаган мутахассис сифатида баҳоланади”, дейилади клуб матбуот хизмати хабарида. 

Маълумот учун, Войчески UEFA’нинг “PRO” лицензиясига эга.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 2.9
t
×