“Мана сенга олам-олам пул”. “Бухоро нефть базаси”да қанча пул еб юборилгани очиқланди
3-саҳифа
−
11 Январь 2022
21153“Бухоро нефть базаси” МЧЖда маҳсулотларни ноқонуний етказиб бериш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Қайд этилишича, МЧЖ томонидан қурилиш корхоналарига асоссиз равишда 298,1 млн сўм миқдорида, ходимларга 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш ҳақи ва мукофот пуллари тўлаб берилган. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, нефть маҳсулотлари тўлов олдиндан 100 фоиз ўтказилгандан сўнг етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида “Бухоро нефть базаси” МЧЖда 50,5 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келган. Ўз вақтида ундирув чоралари кўрилмагани натижасида, нефть базаси бўйича 984,7 млн сўм маблағ “умидсиз” қарзга айланиб улгурган.
Шунингдек, “Бухоро нефть базаси” МЧЖнинг 10 та фермерга ёқилғи тарқатиш шахобчалари (ФЁТШ) томонидан жами 1,8 млрд сўмлик 261,7 минг литр ёнилғи маҳсулотлари фаолияти тугатилиб бўлган фермер хўжаликларига расмийлаштирилган.
Жамиятнинг собиқ раҳбарияти ва муттасадди ходимлари томонидан 3 млрд сўмлик 1 595,3 минг литр нефть маҳсулотлари фермер хўжаликларига арзон нархларда расмийлаштириб, жамиятга зарар келтирган. Мутасадди ходимлар томонидан эса хусусий АЁҚШларга жами 2,6 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари тўловсиз етказиб берилиб, дебитор қарздорлиги яшириб келинган.
Хабарга кўра, “Бухоро нефть базаси” МЧЖга қарашли 20 та ФЁТШларда 2,1 млрд сўмлик 206,7 минг литр маҳсулот камомади аниқланиб, 921,1 млн сўми ўрганиш жараёнида қопланиши таъминланган. Ушбу нефть базада маблағ иқтисоди, харажатлар режасига амал қилиш борасидаги вазият ҳам ачинарли ҳолатда экани айтилмоқда. Масалан, “Бухоро нефть базаси” МЧЖ томонидан қурилиш корхоналарига асоссиз равишда 298,1 млн сўм миқдорида, ходимларга 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш хақи ва мукофот пуллари тўлаб берилган.
“Нефть база масъул ва раҳбар ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузулиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганиш ҳужжатлари тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2021 йил бошида “Бухоро нефть базаси” МЧЖда жами 33 896,8 млн сўмлик қонунбузулиш аниқланган.
LiveБарчаси