Чўчқанинг юраги одамга муваффақиятли кўчириб ўтказилди
Олам
−
11 Январь 2022
32800Америкалик шифокорлар гени ўзгартирилган чўчқанинг юрагини илк бор одамга муваффақиятли кўчириб ўтказди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, саккиз соатлик операция Балтиморда жорий йилнинг 7 январь куни ўтказилган. Мэриленд университети тиббиёт маркази жарроҳларига кўра, 10 январь куни бемор — 57 ёшли Дэвид Беннеттнинг аҳволи яхши бўлган. У ҳали аппаратга уланган, аммо янги юрак ишламоқда ва ишнинг катта қисмини бажармоқда.
Нашр бемор учун прогноз ҳали аниқ эмаслиги ҳақида огоҳлантиради, аммо операциядан кейинги энг хавфли 48 соат ичида донор юрак рад этилмаган.
Таъкидланишича, Беннетт бу операцияга аҳволи оғирлиги туфайли мурожаат қилишга мажбур бўлган. Мэриленд университети тиббиёт маркази шифокорларига кўра, Беннетт операциядан олдин “ёки ўлим, ёки трансплантацияни қилиш”, деган, ва жарроҳлик йўлини танлаган.
Маълумотларга кўра, ўтган йили 41 мингдан ортиқ америкалик орган трансплантацияси операциясидан ўтган, бироқ донор органларнинг кескин танқислиги сақланиб қолмоқда ва ҳар куни ўнга яқин одам трансплантация навбатини кутмасдан вафот этади.
Олимлар келажакда гени ўзгартирилган ҳайвонлардан орган трансплантацияси кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишига умид қилмоқда, биргина АҚШнинг ўзида ярим миллиондан ортиқ одам орган донорлигига муҳтож.
LiveБарчаси