Ўзбекистонда рекордга чиққан доллар, энг беқарор валютага айланган рубль, Путин устига ёғилаётган санкциялар – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
22 Февраль 2022
16585Якунига етаётган 22 февраль Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. Бироқ дуёнинг диққат маркази Россия ва Украинага қаратилган. Путиннинг 21 февралдан 22 февралга ўтар кечаси ДХР ва ЛХРни тан олиш тўғрисида қабул қилган қарори, бутун дунёни ларзага келтирди. Оқибатда биргина россиялик олигархларнинг ўзи 8 миллиард доллар зарар кўрди.
QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилоти билан танишинг.
Жамият
Расман: автомобиль импорти учун бож пасайтирилди, аммо...
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 21 февраль куни “Автотранспорт воситаларининг ички бозори ривожланишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра:
Автомобиллар олиб киришда божхона тўловлари ставкалари икки босқичда пасайтирилади. Ҳужжат имзоланган пайтдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар божлар икки ёки ундан ортиқ бараварга қисқартирилади. Бунда автомобиль двигатели қуввати бўйича қўшимча коэффициент миқдори ҳам қисқартирилади. Автомобиль двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам 2023 йил 1 январдан икки баробарга пасаяди.
ДХХ Тожикистондан қарийб 6 кг наркотик олиб кираётган шахсни ушлади
Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Наманганда гиёҳванд моддалари айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирларда 7 килограмга яқин турли хил наркотик ва кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи дори мусодара қилинди.
ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Узун туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Тожикистон Республикасидан 5 кг 593 гр. “опий” моддасини мамлакатга олиб келган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Узун туманида яшовчи, 1986 й.т. жиноий шериги ҳамда ушбу ажал оғусининг буюртмачилари ҳисобланган, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1985 ва 1990 йилларда туғилган ака-ука ҳам ушланган.
Тижорат банкларида доллар курси рекорд даражада кўтарилди
Бугун, 22 февралдан Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 10 945 сўмгача кўтарилди. Бу мамлакатда доллар курси тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ўз навбатида, тижорат банклари АҚШ долларини 10 840-10 860 сўм оралиғида сотиб олмоқда.
Қашқадарёда блогер ҳибсга олинди. У фирибгарликда айбланмоқда
Қашқадарёда муқаддам судланган, 10 йилдан ортиқ муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс бошқа бир фуқародан 3 сотих ер олиб бериш эвазига 7 миллион сўмни олган вақтида ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ғузор туманида яшовчи М.Ш. ўзини шаҳар ва туман ҳокимиятларида танишлари кўплигини, мансабдор танишлари орқали ер майдонларини олиб беришни ваъда қилиб, вилоятда яшовчи фуқаролар ишончига кирган.
Жумладан, М.Ш. кеча, 21 февраль куни Чироқчи тумани ҳокимлигидаги таниши орқали маиший хизмат кўрсатишга ажратилган манзилдан 3 сотих ерни олиб бериш эвазига Қарши шаҳридаги чойхоналардан бирида фуқаро Э.О.дан 7 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ушланган.
Қаршида авиакомпания ёлғони сабаб 150 киши аэропортда тўпланди
Бугун, 22 февраль куни рейс амалга ошириладиган аэропорт борасида йўловчиларга чалкаштирувчи маълумот берилгани оқибатида Қарши ҳаво бандаргоҳида одамлар тўпланди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ хабар қилди.
Компания хабарига кўра, Москвага учиб кетиш учун отланган йўловчилар бугун тонгда Қарши аэропортига тўплана бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 08:00 га келиб, аэропортга 150 га яқин одам тўпланган.
Ваҳоланки ушбу аэропорт жадвалида бундай парвоз бўлмаган. Россиянинг “Red Wings” авиакомпаниясининг ВЗ-4492 парвози Қарши эмас Навоий аэропортидан соат 15:00 да амалга оширилиши белгиланган.
Бухорода ЙТҲ! Қурбонлар бир эмас, бир нечта
Жорий йилнинг 20 февраль куни Бухоро аэропорти томонидан Когон туманига кетиш йўлида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда бир неча киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа тахминан соат 22:10 да Бухоро шаҳар “Гулчорбоғ” маҳалласидан ўтувчи 4Р/69А автомобиль йўлида юз берган. Р.А. исмли шахс ўз бошқарувида бўлган Cobalt автомобилини Бухоро аэропорти томонидан - Когон туманига томон бошқариб бориб, йўлнинг 1-километрига етганида, ўзидан олдинда у билан бир йўналишда ҳаракатланиб бораётган, фуқаро Ж.Ш. бошқарувидаги Matiz автомобилининг орқа томонидан уриб юборган.
Андижон шаҳар ҳокими давлатга қарийб 2 млрд зарар етказганликда айбланмоқда
Ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 8 та ҳолатда жами 19 618 квадрат метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов QALAMPIR.UZ'га Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халк депутатлари Андижон вилоят кенгашига такидимнома киритилганини маълум қилди.
Матбуот котибига кўра, ҳолат бўйича жорий йилнинг 3 февраль куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида депутат ва шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Ўзбекистонлик Умра зиёратчиларига яна 10 минг ўрин очилади
Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда. Мамлакатда умрачилар сони 10 минг нафарга етди, яна борадиганлар бўлса, шунча ўрин яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Нуриддин домла Холиқназаров маълум қилмоқда.
“Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда. Ҳатто, Малайзиядан келганлардан ҳам кўп экан. Шу кеча кундузда умрачиларнинг сони 10 мингга етди. Бундан кейин ҳам зиёратчилар сони ортиб бораверади, яна қанча борадиганлар бўлса, шунча ўрин берилади”, дейди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташрифлари чоғида.
Фақат ош билан маъракага борадиган маҳалла раислари керак эмас – Шавкат Мирзиёев
Янги Ўзбекистонга фақат ош билан маъракага борадиган маҳалла раислари керак эмас. Энди “яхши маҳалла раиси” деб таъриф берилганларнинг маҳалласида қанча ишсиз, қанча кам таъминланган оила, қанча ногиронлиги бор шахслар яшашишига қараб, уларнинг меҳнатига баҳо берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 февраль куни пойтахт Тошкентдаги “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасида ўтказилган учрашувда гапирган.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда Япония ҳамда қатор ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш кераклигини таъкидлаб, маҳалла раислари фаолиятини танқид қилди.
Олам
Путин ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди
Кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Жараён жонли эфирга узатилди.
Фармонни имзолаш маросимида ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳам иштирок этди.
“Мен узоқ вақтдан буён кечиктирилган қарорни қабул қилишни зарур деб ҳисоблайман – Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасининг мустақиллиги ва суверенитети зудлик билан тан олинади”, деган Путин телемурожаати чоғида.
Байден ДХР ва ЛХРга қарши санкция жорий қилди
АҚШ Президенти Жо Байден Россия томонидан ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини (ДХР ва ЛХР) тан олиниши муносабати билан айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Фармон Оқ уй сайтида эълон қилинган.
“Россия Федерацияси томонидан Украина ҳудуди ҳисобланувчи “Донецк халқ республикаси” (ДХР) ёки Луганск халқ республикаси (ЛХР) нинг тан олиниши Россиянинг Минск келишувлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларига зид бўлиб, тинчлик, барқарорлик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка таҳдид солади. Ва шу тариқа АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига ноодатий ва фавқулодда таҳдидни ифодалайди”, дейилади фармонда.
“Қора душанба”. Йирик рус компаниялари Путиннинг қароридан “ларзага келди”
Россия Федерацияси фонд бозори Донбассдаги вазиятнинг ҳарбий кескинлашуви туфайли “Москва биржаси” ва РТС индекслари бўйича 2020 йил ноябрь ойидаги даражага тушиб, ўз тарихида янги “қора душанба”га кирди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берган.
Индексларнинг орқага қайтиш кўлами COVID-19 пандемиясининг бошида — 2020 йил март ойидаги қулашни қайта қайд этди, шу билан бирга “Москва биржаси”да акциялар савдоси ҳажми тарихий максимал даражага етди ва 505 миллиард рублдан ошди.
Асосий савдолар натижасида “Москва биржаси” индекси 3036,88 пунктга, РТС индекси 1207,5 пунктга, “Москва биржаси”да кўпчилик “кўк фишкалар” нархи 18,3 фоизга тушди. Бир кун давомида “Москва биржаси” индекси асосидаги акциялар савдосининг умумий ҳажми 505,353 миллиард рублни ташкил этди. АҚШ доллари 78,7 рублга кўтарилди.
АҚШдан тортиб БМТгача... Дунё урушсиз ниятига етган Путиннинг қарорига нима демоқда?
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Тан олиш тўғрисидаги фармонлар, шунингдек, ДХР ва ЛХР билан дўстлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалар жонли эфирда имзоланди.
Эндиликда бугун, 22 февраль куни тушдан кейин Давлат Думаси ҳужжатларни ратификация қилиши, кейинроқ эса ратификация ҳақидаги қонун лойиҳаси Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланиши кутилмоқда. Бу жараёнда кутилмаган ҳолат бўлиши даргумон, ҳаммаси Путин хоҳлаганидек бўлади.
НАТО ва АҚШ 2008 йилги дарсдан сабоқ олмади – Медведев
НАТО ва АҚШ Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш билан уларга ўргатган дарсдан сабоқ олмаган. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев журналистларга Донбасс республикалари бўйича қабул қилинган қарорларни шарҳлаш пайтида айтди.
“2008 йилда мен Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш бўйича қийин қарор қабул қилишимга тўғри келди. Россия ҳарбий куч ва сиёсий иродадан фойдаланиб, юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди. Бу билан НАТО, АҚШ, Россия фуқароларига қарши тажовузкор ниятда бўлган ҳар бир кишига сабоқ берди. Аммо НАТО буни яхши қабул қилмади ва альянснинг потенциал аъзолари доирасини кенгайтириб, Россия чегараларига сурбетларча яқинлашишда давом этди”, деган у.
Ленин Украинанинг меъмори ва муаллифи бўлган – Путин
Россия Президенти Владимир Путин Совет социалистик республикалар иттифоқи (СССР) асосчиси Владимир Ильич Ленин Украина давлатини меъмори эканини иддао қилмоқда. Бу ҳақда Путин кеча, 21 февраль куни Россия фуқароларига мурожаатида айтиб ўтди.
Путиннинг иддаосича, Украина ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эга бўлмаган.
“Шуни ҳам тушуниш керакки, Украина аслида ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигининг барқарор анъаналарига эга бўлмаган. 1991 йилдан бошлаб у ҳам тарихдан, ҳам Украина реаллигидан ажралган хорижий моделларни механик нусхалаш йўлига ўтди”, деган Россия раҳбари.
Туркия Путиннинг қарорини қоралади
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина шарқида россияпараст сепаратистлар назорати остидаги ўзини мустақил деб эълон қилган тузилмаларнинг “мустақиллигини” тан олиш ҳақидаги қарорини қоралади. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Москванинг ҳаракатларини “қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади.
“Россия Федерациясининг Донецк ва Луганск деб аталувчи республикаларни тан олиш ҳақидаги қарори Минск келишувларига зиддир, шунингдек, Украинанинг сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади”, дейилади Туркия ТИВ баёнотида.
Геосиёсат касофати: рубль дунёдаги энг беқарор валютага айланди
Доллар ва рубль жуфтлиги учун бир ойлик опционлар нархларидан ҳисобланган рублнинг ўзгарувчанлиги кеча, 21 февраль куни кечқурун 33,97 фоизга етди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берган.
21 февралдаги савдоларда доллар курси 79 рублдан ошган, айни пайтда эса ҳатто 80 рубль. Геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви фонида миллий валюта курсининг ўзгарувчанлиги пандемия бошланганидан бери максимал қийматга яқинлашди: 2020 йил 18 мартда у 37,7 фоизни ташкил этган. Ўшанда рубль курси бир доллар учун 60-65 дан 80 рублгача тушиб кетган.
Хитой Москванинг ДХР ва ЛХРни тан олганига мужмал муносабат билдирди
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь Россиянинг Украина шарқида россияпараст сепаратистлар томонидан ташкил этилган Донецк ва Луганск халқ республикалари суверенитетини тан олганига мужмал муносабат билдирди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинида Донбассдаги вазият ҳақида фикр билдирган Цзюнга кўра, Хитой Украина атрофидаги вазият бўйича барча томонларни вазминликка ва кескинлашувдан қочишга, шунингдек, мулоқот ва маслаҳатлашувларни давом эттиришга чақиради.
АҚШ Зеленскийни “қочиш”га ундаяпти – ОАВ
Америка Қўшма Штатлари Украина Президенти Владимир Зеленскийни хавфсизлиги учун Львовга боришга чақирмоқда. Бу ҳақда ABC телеканали АҚШ Президенти маъмуриятидаги манбасига таяниб, маълум қилди.
“АҚШ маъмурияти Украина Президенти Владимир Зеленскийни хавфсизлиги учун мамлакат ғарбий қисмидаги Львовга боришга чақирди”, дейилади хабарда.
Зеленский Россия билан дипломатик алоқаларни узиши мумкин
Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Ташқи ишлар вазирлигидан Россия билан дипломатик муносабатларни узиш бўйича сўров келганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 22 февраль куни Киевда бўлиб турган Эстония раҳбари Алар Карис билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилган.
“Мен Ташқи ишлар ишлар вазирлигидан Россия билан дипломатик муносабатларни узиш ҳақидаги сўров олдим. Мен буни кўриб чиқаман”, деган Зеленский.
Зеленский Россиянинг Украина шарқида россияпараст сепаратистлар томонидан ташкил этилган Донецк ва Луганск халқ республикалари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги Кремлнинг Киевга қарши “кейинги қуролли тажовузи” учун қонуний асос яратади, деб ҳисоблайди.
Россия ё Украина? Эрдўған кимнинг тарафидалигини очиқ айтди
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Донецк ва Луганск деб аталувчи республикаларни тан олиш қарорини “қабул қилиб бўлмас” деб атади.
Эрдўған Конго Демократик Республикасидан Сенегалга кетаётганида унга ҳамроҳлик қилаётган журналистлар билан суҳбатда томонларни соғлом фикр ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилишга чақирди.
У Ғарбнинг Украина атрофидаги инқирозга муносабатидан норозилигини билдирди.
ДХР ва ЛХР тан олиниши ортидан россиялик олигархлар қанча миллиард зарар кўргани айтилди
Россия ДХР ва ЛХРни тан олиши фонида россиялик миллиардерлар ва “Forbes” рўйхати аъзолари сўнгги 24 соат ичида 8 миллиард доллардан кўпроқ маблағ йўқотди. Бу ҳақда “Forbes” маълум қилди.
Қайд этилишича, олигархлар Россия индекслари ва Россия компаниялари котировкалари қулаши фонида жами 8,339 миллиард доллар йўқотган.
“Forbes”га кўра, “Лукойл”нинг энг йирик акциядори Вагит Алекперов (-946 миллион доллар), “Новатэк”нинг ҳаммуаллифлари Леонид Михельсон (-927 миллион доллар) ва Геннадий Тимченко (-906 миллион доллар) энг кўп маблағ йўқотган миллиардерлар бўлган.
“Лукойл” котировкалари 6 610 рублдан 6 028 рублга тушиб кетган бўлса, “Новатэк” акцияларининг ҳар бири 1526 рублдан 1358 рублга қулаган.
Шунингдек, котировкаларнинг пасайиши НЛМК (Новолипецк темир-пўлат заводи) бенефициари Владимир Лисинни 645 миллион доллардан, “Норильский никель” муаллифи Владимир Потанинни 751 миллион доллардан, “Северсталь” президенти Алексей Мордашовни 556 миллион доллардан ва ММК (Магнитогорск темир-пўлат заводи)нинг энг йирик акциядори Виктор Рашниковни 298 миллион доллардан маҳрум қилган.
LiveБарчаси