Ўзбекистонлик Умра зиёратчиларига яна 10 минг ўрин очилади 

Жамият

image

Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда. Мамлакатда умрачилар сони 10 минг нафарга етди, яна борадиганлар бўлса, шунча ўрин яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Нуриддин домла Холиқназаров маълум қилмоқда.

“Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда. Ҳатто, Малайзиядан келганлардан ҳам кўп экан. Шу кеча кундузда умрачиларнинг сони 10 мингга етди. Бундан кейин ҳам зиёратчилар сони ортиб бораверади, яна қанча борадиганлар бўлса, шунча ўрин берилади”, дейди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташрифлари чоғида.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик зиёратчилар учун энг юқори даражадаги Масжидул-Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар танланган. Бундай қулайлик уларга эмин-эркин ибодату зиёрат қилиш имконини беряпти. 

“Юртбошимиз инсон қадрини улуғлаш ҳақида кўп бор таъкидлаб, “қаерда бўлса, инсон қадрлансин”, деяпти. Биз ҳам шунга амал қилган ҳолда, муборак зиёратга отланган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилдик. Биринчи навбатда, зиёратчиларимиз учун энг юқорида даражадаги Масжидул-Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар танланди. Бундай қулайлик уларга эмин-эркин ибодату зиёрат қилиш имконини бермоқда. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтмоғимиз, шароитларни қилиб бераётган Ҳукуматимиздан миннатдор бўлмоғимиз лозим”, дейди Нуриддин домла Холиқназаров.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муборак зиёратни адо этган. Умра тадбирларини 10 нафар ишчи гуруҳ бошқараётган бўлса, 200 нафар тажрибали элликбоши ва 45 нафар шифокор жалб этилган. Улар зиёратчиларининг саломатлиги, шарт-шароити ва кундалик эҳтиёжларидан доимий бохабар бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни илк зиёратчилар Саудия Арабистонига учган бўлса, ҳозирда ҳар куни Жидда ва Мадина шаҳарларига икки марта авиапарвоз мунтазам амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Умра зиёрати

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг