2025 йилда Умра зиёратчилари учун нархлар ва талаблар қандай?

Бу қизиқ

image

Умра – Маккага қилинадиган муқаддас зиёрат бўлиб, кичик ҳаж амали ҳисобланади. Қуйида Умра сафари нархлари, виза олиш талаблари ва усуллари, шу билан бирга, муҳим саналган айрим маълумотлар келтирилади.

Кимлар Умрага бориши мумкин?

Умра зиёратини амалга ошириш учун аниқ ва қатъий белгиланган талаб ҳамда квоталар мавжуд эмас. Буни молиявий эркин, қарзи бўлмаган, ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом мусулмонлар адо этиш имконига эга. Лекин ҳомиладор аёллар, иммунитети заиф ёки сурункали касаллиги бор одамларга зиёратни кечиктириш тавсия қилинади. 

Шунингдек, Умра зиёрати учун аниқ саналар ва нархлар белгиланмаган, аммо Саудия Арабистони фақатгина гуруҳ билан зиёратлар учун виза беради. Сафарни гуруҳ билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки сайёҳлик агентликлари орқали ташкил этиш мумкин.

Қанча харажат кетади?

2024 йил 10 январдан эътиборан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва Умра марказида Умра хизматлари нархи бир киши учун 16 600 000 сўм этиб белгиланган. 11 кунлик пакет ушбу хизматларни ўз ичига олади: Тошкент – Жидда, Жидда – Тошкент авиачиптаси, меҳмонхона, автобус, 3-4 кишилик хона, 3 маҳал овқат, Қизил денгизга саёҳат, доимий ишчи гуруҳи билан Фатво маркази мутахассиси, шифокорлар, гуруҳ раҳбари.

Тур агентликлар орқали ҳам саёҳат қилиш мумкин бўлиб, улар нархларни тариф бўйича киритилган хизматлар асосида қўяди.

Масалан:

  • 14 кунлик стандарт пакет 1100-1350 АҚШ долларига – виза, меҳмонхона, трансфер, авиачипта (авиакомпания танлаш имкониятисиз), нимча, 5 литр зам-зам суви, шифокор хизмати, 2-3 маҳал овқат, гуруҳбоши.
  • 15 кунлик комфорт пакет 1400-2500 АҚШ долларига (Рамазон ойида нисбатан қиммат) – виза, қулайроқ меҳмонхона, трансфер (тезюрар поезд), авиачипта (авиакомпания танлаш мумкин), нимча, 5 литр зам-зам суви, шифокор хизмати, 2-3 маҳал овқат (Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик), гуруҳбоши. Нархлар онлайн эълон платформаси маълумотлари асосида келтирилган.

Мусулмонлар идораси ёки туроператорлар орқали сафар қилганда айрим фарқлар мавжуд. Масалан, Мусулмонлар идораси билан фақат Uzbekistan Airways орқали парвоз қилиш ва сафарда фақат автобус хизматидан фойдаланиш мумкин. Аксинча, тур агентликлар билан сафар қилганда авиакомпания ва Саудия Арабистонидаги транспорт турини (поезд, автобус) танлаш мумкин.

Виза қандай олинади?

Умра визаси зиёратчилар учун Саудия Арабистонига қонуний кириш ва қолиш имкониятини яратади. Бу эса уларга ибодатларини тинч ва хавотирсиз адо этиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди. 18 ва ундан катта ёшдаги ҳар қандай мусулмон Умра визасига ариза бера олади. 18 ёшдан кичик шахслар эса вояга етган васий орқали рўйхатдан ўтиши лозим. Виза олиш жараёнини саёҳатни амалга ошираётган туристик компаниялар амалга оширади ва бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  • Тўлдирилган ариза шакли – туристик агентликлар орқали тўлдирилади;
  • Амалдаги паспорт – ариза топшириш санасидан бошлаб камида 6 ой амал қилиши керак. Бунда ўзбекистонликлар учун чет элга чиқиш паспорти талаб этилади;
  • Янги туширилган сурат – оқ фонда 3х4 ўлчамда олинган рангли фотосурат;
  • Қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар – аёллар ва болалар ўз эркак васийлари (қонуний никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи, маҳрам) билан сафар қилса, никоҳ ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тақдим этиши зарур. Барча йўловчилар васий билан бир рейсда бўлиши шарт;
  • Рухсат хати (аёллар учун) – 18-65 ёш оралиғидаги аёллар гуруҳ таркибида маҳрамсиз саёҳат қилса, маҳрам томонидан берилган рухсатномани тақдим этиши керак;
  • Тасдиқланган қайтиш чиптаси – қайтиш рейсининг олдиндан бронь қилиниши талаб этилади.

Умра визаси 90 кунгача фақат бир марталик кириш учун амал қилади. Виза расмийлаштирилгач, ташкилотчилар электрон визанинг нусхасини қоғоз шаклида тақдим этади. Ушбу ҳужжат билан зиёратчи саёҳатга чиқади.

Умра йил давомида амалга оширилиши мумкин. Об-ҳаво ва одамларнинг сонини инобатга олган ҳолда энг қулай саналарни танлаш керак. Лекин бу жиҳатдан қулай фасл Саудия Арабистонида ноябрдан февралгача кузатилади. Рамазон ойида ҳам Умра қилиш ажойиб, бироқ одам гавжум бўлиши мумкин. Шунинг учун нисбатан иссиқ об-ҳаво шароитида етарли миқдорда сув ичиш ва ибодат пайтида енгил тамадди қилиш учун егулик олиш тавсия этилади. Мунтазам ювиниб, жамоат жойларида қўлларни дезинфекция қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳам тавсия қилинади. Муҳим маслаҳат – муқаддас жойларга кириш ва Умра маросимларини адо этиш учун Nusuk каби мобил иловалар орқали махсус рухсатнома олиш ҳам зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси виза Ҳаж Умра Макка Умра зиёрати зиёрат зиёратчи Умра маркази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг