Умра хизматларини реклама қилган иккита турфирма жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
07 Февраль
8449Қорақалпоғистонда тегишли лицензияга эга бўлмай туриб, ижтимоий тармоқларда Умра хизматларини кўрсатиш бўйича ноқонуний реклама тарқатган иккита турфирмага нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда умра тадбирларини лицензияга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётган ҳамда лицензияси бор маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда фуқароларни зиёратга юборишга ҳаракат қилаётган воситачилар учраб турибди. Улар ўз номидан ноқонуний рекламалар жойлаштириб бормоқда.
Шундай ҳолатлар бўйича қўмитага Туризм қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаат асосидаги ўрганишларда аниқланишича, бугунга қадар Қорақалпоғистонда Умра лицензиясига эга туроператорлар мавжуд эмас, улар Тошкент шаҳри ва вилоят туркомпаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этмоқда.
“Шунингдек, мурожаатда билдирилган “Iskander Tours” ҳамда “OKS Tours” МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Умра хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётгани аниқланган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига биноан, тегишли сертификатлари ва лицензиялари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.
Шунга кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш органининг махсус комиссияси томонидан, 2024 йил 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан, “Iskander Tours” ҳамда “Oks Tours” МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Шунингдек, икки фирмага бу ҳолатни бартараф этиб, келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиш лозим бўлган кўрсатмалар берилган.
Таъкидланишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз ваколати доирасида ноқонуний рекламаларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда рекламалар назоратини олиб бормоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Умра зиёратига боришдан аввал биринчи навбатда, хизмат кўрсатувчи корхонанинг лицензияси билан танишинг, сўнг рекламада берилган маълумотларга жиддий эътибор бериб, ишонч ҳосил қилинг. Ноқонуний рекламаларга дуч келиб, бу борада ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилинг”, дейилади расмий баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларга Умра зиёратини реклама қилаётган ҳар қандай турфирманинг лицензияси мавжуд ёки йўқлигини текширишни тавсия қилганди.
LiveБарчаси