Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёратига бормоқчи бўлганларни огоҳлантирди
Жамият
−
24 Октябрь 2023
21424Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларга Умра зиёратини шу йилнинг 1 ноябридан сўнг ташкил қилишни реклама қилаётган ҳар қандай турфирманинг лицензияси мавжуд ёки йўқлигини текширишни тавсия қилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 8 август кунги қарори билан туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилмоқда:
• 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўяди;
• умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлайди;
• умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлишини таъминлайди;
• умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш таъқиқланади;
• умра хизматларини Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширади.
Қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланади.
Шунингдек, қўмита эндиликда фақат умра лицензиясига эга бўлган туристик ташкилот бундай тадбирларни ташкил этишини билдириб, умра фаолиятини 1 ноябрдан сўнг ташкил қилишни реклама қилаётган ҳар қандай турфирманинг лицензияси мавжудлигини суриштириб олишни тавсия қилди. Қўмита ноқонуний турфирма ёки турагентлардан огоҳ бўлишга чақирган.
LiveБарчаси