Жиззахда тунги клубларнинг 500 га яқин рекламаси қонунга зид деб топилди
Crime
−
11:31 1569 2 minutes
Жиззах шаҳридаги икки тунги клубнинг Instagram саҳифаларида жойлаштирилган 500 га яқин реклама ролигида миллий ва оилавий қадриятлар ҳамда умумэътироф этилган ахлоқ нормаларига зид тасвирлардан фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида шаҳардаги тунги клублар рекламаси ўрганилган. Хусусан, “JIZZAX LEADER FOOD” МЧЖ ҳамда “AZIZ BOG‘ISHAMOL KLUB” МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Instagram саҳифаларидаги реклама материаллари таҳлил қилинган.
Ўрганишлар давомида қарийб 500 та видеороликда миллий ва оилавий анъаналар, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид тасвир ва образлар жойлаштирилгани аниқланган.
Ушбу рекламаларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинган. Тақдим этилган хулосага кўра, реклама материаллари “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси (Рекламага доир асосий талаблар) талабларига зид деб топилган.
Шундан сўнг ҳар икки тунги клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидан қонунчилик талабларига зид реклама материаллари олиб ташланган. Қўмита маълумотига кўра, бу орқали жами 120 мингдан ортиқ обуначи номақбул реклама материаллари таъсиридан ҳимояланган.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва тарқатувчиларни қонунчилик талабларига риоя қилишга, реклама материалларини жойлаштиришда миллий қадриятлар ҳамда жамиятда эътироф этилган ахлоқ нормаларини ҳисобга олишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг саккиз ойида текширилган 558 номдаги маҳсулотнинг 73 таси сифат талабларига жавоб бермагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All