ДХХ генерали қамалди, мигрантлар жасади Ўзбекистонга қайтарилди
Таҳлил
−
3592 7 дақиқа
Давлат хавфсизлик хизматининг катталари қамлади. Андижонда қўл-оёғи боғланган 54 ёшли аёлнинг жасади топилди. Жиззахда вояга етмаган қиз йиллар давомида ўз отаси томонидан жинсий зўровонликка учраганини айтди. Қурилишга рухсат олиб бериш учун $1 млн пора талаб қилган мулозим ушланди. 4 нафар Ўзбекистонлик мигрант ёнғинда ҳалок бўлди.
ДХХнинг “катталари” қамалди
ДХХнинг собиқ юқори лавозимли мансабдорлари иштирокидаги жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. Хизмат раисининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Ғайратулло Ёзиев 15 йилга, унинг бир қатор собиқ ҳамкасблари эса 15 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Давлат хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Ғайратулло Ёзиевга ҳукм чиқарилди.
Ташановнинг билдиришича, Ғайратулло Ёзиев 2024 йилнинг декабридан 2026 йил мартигача ДХХ Шахсий хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган. У Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), шунингдек, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан четга чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилган.
Такидланишича, Ғайратулло Ёзиев бошчилигидаги жиноий гуруҳ фаолияти юзасидан тергов ҳаракатларини Бош прокуратура ҳузуридаги Коррупцияга қарши кураш бошқармаси олиб борган. Мазкур иш бўйича судланувчилар 2026 йил баҳорида қўлга олинган.
Ушбу жиноят иши доирасида ДХХнинг бошқа собиқ юқори лавозимли ходимларига ҳам ҳукм чиқарилган. Жумладан, ДХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Алижон Ашуров товламачилик, суд ишларига аралашиш ва пора олиш жиноятларида айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.
ДХХ бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Музаффар Нурбоев эса ҳужжатларни қалбакилаштириш, қийноққа солиш, суд ишларига аралашиш ва талон-торожлик айбловлари билан 17 йил муддатга қамалган.
Шунингдек, полковниклар Темур Шорисқиев ва Гончар Узоқов товламачилик, суд ишларига аралашиш ҳамда пора олиш жиноятлари учун 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Полковник Суҳроб Сайфитдинов 16 йил, полковник О. Абдуллаев эса 15 йил қамоқ жазосини олган.
Жиноий гуруҳ аъзолари сифатида кўрсатилган Валиев, Ўроқов, Бойсариев ва Шокировларга нисбатан эса озодликни чеклаш, жарима ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланган.
“Корея иши” бўйича ҳукмлар чиқарилган. Алижон Ашуров, Суҳроб Сайфитдинов, Гончар Узоқов ва Темур Шорисқиев яна бир жиноят иши – 90 миллион долларлик маблағ билан боғлиқ “Корея иши” доирасида ҳам судланган.
Мазкур иш юзасидан 2026 йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани суди томонидан уларга нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Таъкидланишича, процессуал қонунчилик талабларига мувофиқ, ушбу шахсларга икки жиноят иши бўйича белгиланган жазолар қўшиб ҳисобланган тақдирда, уларнинг қамоқда қолиш муддати янада узайиши мумкин.
Андижонда қўл-оёғи боғланган аёлнинг жасади топилди
Андижон туманидаги хонадонлардан бирида қўл-оёғи боғланган 54 ёшли аёлнинг жасади топилди. Qalampir.uz сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 24 ноябрь куни содир бўлган. Хонадонлардан бирида 1972 йилда туғилган аёлнинг қўл-оёғи боғланган ҳолда жасади қотиллик аломатлари билан топилган.
Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, ашёвий далиллар олинган. Аёлнинг ўлими сабабини аниқлаш учун экспертизалар тайинланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирча гумонланувчи шахс аниқланмаган.
Ҳозирда жиноятни фош этишга қаратилган дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззахда эркак вояга етмаган қизини зўрлаб келгани маълум бўлди
Жиззахда ота ўз қизини жинсий зўрлаб келгани малум бўлди. Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг муносабат билдиришича, 2026 йилнинг 9 октябрь куни ички ишлар органлари ходимлари таълим муассасаларида ўтказган профилактик тадбирлар давомида 2010 йилда туғилган қиз сабабсиз дарсларга қатнашмаётгани аниқланган. Ҳолат мактаб психологи билан биргаликда ўрганилганда, қизчанинг руҳий ҳолати барқарор эмаслиги маълум бўлган. У билан суҳбат давомида отаси томонидан жинсий зўравонлик содир этилганини айтган.
Бу ҳақда туман ИИБга хабар берилган ва ҳолат прокуратура органларига юборилган. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ҳам ўрганилган ҳолат юзасидан қиз дастлаб кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказига жойлаштирилган. Унга психологик ва ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, тиббий кўрик ҳамда экспертизага йўналтирилган.
Билдирилишича, ҳозирда қиз оилавий болалар уйига жойлаштирилган. Унинг хавфсизлиги таъминланган ва руҳий-эмоционал ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мазкур ҳолат агентлик масъул ходимлари назоратига олинган.
Гумонланаётган отага нисбатан қидирув эълон қилинган. QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилишича, вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланган отага нисбатан жорий йилнинг 14 октябрь куни Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 2026 йилнинг 11 сентябрь куни ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетган. Унга нисбатан қидирув эълон қилинган. 19 октябрь куни суд ажрими билан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мигрантлар ёнғинда ҳалок бўлди
Қирғизистоннинг Манас шаҳрида қурилаётган икки қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, яна бир ўзбекистонлик реанимацияга ётқизилди. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармасининг маълум қилишича, ёнғин 22 ноябрь куни Интимак қишлоғидаги Каримбеков кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинода юз берган. Уни ўчириш учун 3 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 22:56 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида 3 нафар эркак жабрланган. Улардан икки нафари ёнаётган бинодан олиб чиқилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Бироқ улардан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси эса реанимацияга ётқизилган.
Учинчи эркак эса воқеа жойида тутундан заҳарланиб ҳалок бўлган. Унинг жасади қутқарувчилар томонидан бинодан олиб чиқилиб, тиббиёт ходимларига топширилган. Билдирилишича, ҳозирда мутахассислар ёнғин сабабларини ва етказилган моддий зарар миқдорини аниқламоқда.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хусусий турар жой биносида юз берган ёнғинда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Олов жами 5 кишининг, жумладан, бир нафар боланинг ҳаётига зомин бўлди. Қурбонлар орасида икки ўзбекистонлик эркак ҳам бор.
Ёнғинда омон қолган Анор Турғунбоеванинг айтишича, улар уйга ёнғиндан бир неча кун олдин кўчиб борган. Ёнғин кеча, 26 ноябрь куни тунда шаҳарнинг Бўстонлиқ туманида содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги хабар соат 3:44 да келиб тушган. Илк ўт ўчирувчилар тўрт дақиқадан сўнг етиб борган, бироқ ўша вақтга келиб уйни олов бутунлай қамраб олиб бўлган. Олов соат 4:42 да бартараф этилган. Уни ўчиришда Фавқулодда вазиятлар департаментининг 35 нафарга яқин ходими ва 9 та техника иштирок этган. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан уйдаги хоналардан бирини ижарага олиб яшаган Турғунбоева тонгги соат 04:00 атрофида уйғониб, дераза ортида олов ёғдусини кўрганини айтган. Умумий йўлак аллақачон тутунга тўлиб бўлгани сабабли оила дераза орқали қўшни ҳовлига чиқишга мажбур бўлган.
Аёлнинг сўзларига кўра, уйда умумий йўлакка чиқадиган бир нечта хона бўлган. Айрим ётоқхоналарда дераза бўлмаган. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистоннинг икки фуқаросидан ташқари унинг қўшниси, бу аёлнинг вояга етган қизи ва бир қизалоқ ҳам бўлган.
Ёнғиндан сўнг 9 нафар фуқаро меҳмонхонага жойлаштирилган, уларга ҳужжатларини тиклашда ёрдам кўрсатилмоқда.
Ёнғин факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ёнғин сабаблари ва воқеа тафсилотларини аниқламоқда.
$1 млн пул сўраган мулозим ушланди
Қурилиш соҳасидаги муаммолар ва муҳокамалар ҳали ҳам давом этаётган бир пайтда, солиқ ходими фуқародан қурилиш ишларини бошлаш учун 34 та идорадан рухсатнома олиб бериш учун 40 минг доллар пора олаётганида жиноят устида ушланди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Сурхондарёлик Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ходими фуқарога вилоятнинг Нурафшон шаҳрида жойлашган хусусий корхонага қарашли 3,5 гектар нотурар ер майдонидан иборат бўлган қурилиши тугалланмаган цехни юридик шахсдан харидор номига ўтказиш ҳамда шу жойда қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли ташкилотлардан рухсатнома олиб беришни ваъда қилган.
У бунинг эвазига 1 млн 50 минг доллар талаб қилган. У Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида харидор билан учрашиб, ер майдонини харидор номига ўтказиш ҳамда 34 та давлат идорасидан қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб беришини айтган. Шунингдек, мулозим мансабдор шахсларга пора беришга далолат қилган ва олдиндан 40 минг АҚШ долларини олган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фирибгар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси