Тўй кортежида “томоша кўрсатган” ҳайдовчилар жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
1037 1 дақиқа
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида тўй кортежида давлат рақам белгиларини ечиб, рухсатсиз сирена чалган 10 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан сўнг ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилган. Натижада жорий йилнинг 26 ноябрь куни Қўрғонтепа туманида тўй кортежида ҳаракатланган 10 та транспорт воситаси ва уларнинг ҳайдовчилари аниқланган.
Текширув давомида ҳайдовчилар тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқаргани, давлат рақам белгиларини ечиб олгани ҳамда рухсатсиз ностандарт товуш чиқарувчи қурилмалардан фойдалангани тасдиқланган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан баённомалар расмийлаштирилиб, автомобиллар вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Шунингдек, ҳайдовчилар қилган ишларидан пушаймон эканини билдириб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида тўй маросими вақтида юк машиналаридан иборат кортеж ташкил этиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси