Жаримадан норози бўлиб ЙҲХБ ботига сўкиб ёзганлар қамалди

3-саҳифа

−

visibility3078 timer2 дақиқа

image

Андижон вилоятида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати электрон мурожаатлар тизимига ҳақоратли сўзлар ёзган икки нафар фуқаро 5 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролар электрон мурожаатлар боти орқали уятли ва ҳақоратли сўзлардан фойдаланиб, изоҳ қолдирган. Ҳолат масъул ходимлар томонидан ўрганилиб, ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан видеомурожаат қилган фуқаролардан бири жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хўжаобод туманида қизил чироқда ҳаракатлангани учун жарима олган. Шундан сўнг, у норозилик билан электрон мурожаатлар ботига ҳақоратли изоҳ ёзган.

“Қилган ишларимдан пушаймонман. Мен барча “ГАИ” ходимларидан узр сўрайман”, деган у.

Иккинчи фуқаро эса электрон мурожаатида йўлдаги камера ўрнатилгани ва тезлик чеклови 60 км/соат этиб белгиланганидан норозилигини билдирган. Бироқ у ўз фикрини баён этишда фуқаронинг оила аъзоларига қаратилган ўта қўпол ва ҳақоратли иборалардан фойдаланган.

“Жиндак алам-аччиғида озгина негатив ёздим. Қилган ишимнинг хато эканини тушуниб етдим, пушаймонман. Бошқаларга ҳам бундай ҳолатни такрорламасликни маслаҳат бераман”, деган у.

Суд қарори билан ҳар икки фуқарога нисбатан 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Иштихон туманида ижарага олинган Malibu-2 автомобилида ҳаракатланган техникум ўқувчилари йўл-патруль хизмати ходимининг тўхташ талабига бўйсунмай, уни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг