Ленин Украинанинг меъмори ва муаллифи бўлган – Путин
Олам
−
22 Февраль 2022
13814Россия Президенти Владимир Путин Совет социалистик республикалар иттифоқи (СССР) асосчиси Владимир Ильич Ленин Украина давлатини меъмори эканини иддао қилмоқда. Бу ҳақда Путин кеча, 21 февраль куни Россия фуқароларига мурожаатида айтиб ўтди.
Путиннинг иддаосича, Украина ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эга бўлмаган.
“Шуни ҳам тушуниш керакки, Украина аслида ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигининг барқарор анъаналарига эга бўлмаган. 1991 йилдан бошлаб у ҳам тарихдан, ҳам Украина реаллигидан ажралган хорижий моделларни механик нусхалаш йўлига ўтди”, деган Россия раҳбари.
Путин Украинани Ленин қурганини, “доҳий” ушбу давлатнинг муаллифи ва меъмори эканини қайд этган.
“Болшевиклар сиёсати натижасида Совет Украинаси пайдо бўлди, уни бугунги кунда ҳам ҳақли равишда “Владимир Ильич Ленин номидаги Украина” деб аташ мумкин, у унинг муаллифи ва меъморидир, бу архив ҳужжатлари, шу жумладан Лениннинг Донбассни Украинага тиқиштириш тўғрисидаги қаттиқ буйруқлари билан тасдиқланган”, деган Путин русларга мурожаатида.
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Дунё давлатлари Путиннинг қарорини қоралаб чиқди ва Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар жорий қилиш арафасида. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини тутиб турадиган давлат компаниялари акциялари кескин арзонлашди.
LiveБарчаси