АҚШдан тортиб БМТгача... Дунё урушсиз ниятига етган Путиннинг қарорига нима демоқда?
Олам
−
22 Февраль 2022
27776Аввал хабар берганимиздек, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин россияликларга қарийб бир соат давом этган мурожаатидан сўнг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Тан олиш тўғрисидаги фармонлар, шунингдек, ДХР ва ЛХР билан дўстлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномалар жонли эфирда имзоланди.
Эндиликда бугун, 22 февраль куни тушдан кейин Давлат Думаси ҳужжатларни ратификация қилиши, кейинроқ эса ратификация ҳақидаги қонун лойиҳаси Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланиши кутилмоқда. Бу жараёнда кутилмаган ҳолат бўлиши даргумон, ҳаммаси Путин хоҳлаганидек бўлади.
Аксарият хорижий етакчилар Путиннинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорига кескин салбий муносабатда бўлмоқда.
АҚШ Президенти Жо Байден Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини қатъий қоралади. Америка раҳбари аллақачон ДХР ва ЛХРда савдо ва инвестицияларга қарши санкциялар, шунингдек, Донбасс республикалари билан алоқадор шахсларнинг мулкини блокировка қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Россия Федерацияси Украинага ҳужум қилган тақдирда жорий этиш учун тайёрланган чора-тадбирлар пакети ҳали фаоллаштирилмади.
Канада ҳам Россиянинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донбасс республикаларини тан олганини қатъий қоралади ва санкциялар жорий этиш ниятида.
“Канада ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан биргаликда халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ менсимасликка қатъий жавоб қайтаради. Биз ушбу ҳаракатлар учун Россиянинг Украинага ҳар қандай ҳарбий аралашувига жавобан тайёрланганидан алоҳида иқтисодий санкциялар қўллашга тайёрланяпмиз”, деган Канаданинг Ташқи ишлар вазир Мелани Жоли.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олишини “ачинарли аломат” ва “халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши” деб атади.
“Бу Украина суверенитети ва яхлитлигини қўпол равишда бузишдир”, деган Британия Бош вазири.
Жонсоннинг сўзларига кўра, Путиннинг қарори Минск келишувлари ва жараёнини амалга ошириб бўлмайдиган қилиб қўйди.
Бугун, 22 февраль куни Лондон ДХР ва ЛХРнинг тан олинишига жавобан Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилиши кутилмоқда. Британия ОАВларининг ёзишича, ҳозирча гап Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан тайёрланган қатъий чора-тадбирлар тўплами ҳақида кетаётгани йўқ.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олишини қоралади ва “мақсадли Европа санкциялари”ни жорий этишга чақирди. Шунингдек, у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш тарафдори эканлигини айтди. Парижга кўра, ЛХР/ДХРнинг тан олиниши “Россия томонидан халқаро мажбуриятларни ва Украина суверенитетини бузиш” бўлди.
Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бурбок Россиянинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донбасс республикаларини тан олишини Украина суверенитетини бузиш, “халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш” ва “муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларга оғир зарба” деб атади. У Россия Федерациясини тан олиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга чақириб, Германия ва халқаро ҳамкорлар “халқаро ҳуқуқнинг бу бузилишига муносабат билдиришлари” ҳақида огоҳлантирди.
Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Россия Федерацияси Президентининг ДХР ва ЛХР мустақиллиги ҳақидаги қарорини “Украинага қарши тажовузкорлик ҳаракати”, “мулоқотни якуний рад этиш ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш” деб атади. У Европа Кенгаши йиғилишини ўтказиш ва “зудлик билан санкциялар” билан жавоб беришга чақирди.
Молдова президенти Майя Санду Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олганини қоралади.
“Бу очиқ-ойдин халқаро ҳуқуққа зиддир. Молдова Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қатъий содиқ қолади”, деб ёзди Санду Twitter’да.
Финляндия ҳам бу ҳаракатни қоралади. “Финляндия Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузувчи бир томонлама ҳаракатни қоралайди. Украина шарқидаги сепаратистик ҳудудларнинг тан олиниши Минск келишувларини жиддий бузишдир”, дейди Президент Саули Ниинистё баёнотида. Унга кўра, Финляндия ЕИнинг “жамоавий жавоби”га қўшилади.
Руминия Президенти Клаус Йоханнис ДХР/ЛХРнинг тан олинишига ушбу твит орқали муносабат билдирди:
“Руминия Россиянинг Украинанинг Донетц ва Луганск вилоятларини мустақил деб тан олганини кескин қоралайди. Бу халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг энг қаттиқ реакциясига сабаб бўлиши керак. Биз Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қаттиқ қўллаб-қувватлаймиз”.
Грузия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва ЛХР ва ДХРни тан олиш қарорини қоралайди, деган Грузия Президенти Саломе Зурабишвили.
“Грузия Россиянинг Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларини “тан олишини” кескин қоралайди, бу бизнинг ҳудудимизнинг 20 фоизини босиб олишига олиб келган сценарийнинг такрорланишидир”, деб ёзди Зурабишвили Twitter’даги саҳифасида.
Ўзи тан олинмаган давлатлар бўлган Жанубий Осетия ва Абхазия Россиянинг ДХР ва ЛХР бўйича қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди. Жанубий Осетия раҳбари Анатолий Бибилов Москванинг Донецк ва Луганск халқ республикалари суверенитетини тан олишини “кутилган, асосли ва ҳақли қарор” деб атади. Абхазия раҳбари Аслан Бжаниянинг айтишича, Путиннинг қарори “одил, геосиёсий воқеликни адекват баҳолашга асосланган ҳамда замонавий чақириқ ва таҳдидларга мос келади”.
Халқаро ташкилотлар ва иттифоқлар ҳам Россиянинг ДХР ва ЛХР суверенитетини тан олишини қоралади.
Европа Иттифоқи ДХР ва ЛХРнинг тан олинишини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблайди ва унга қаттиқ ва қатъий жавоб бериш ниятида.
“Украинадаги икки сепаратистик ҳудуднинг тан олиниши халқаро ҳуқуқни, Украина ҳудудий яхлитлигини ва Минск келишувларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, деб ёзди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Twitter’да.
Худди шу матнни Европа Кенгаши раҳбари Чарльз Мишель кеча, 21 февраль куни Twitter’да эълон қилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қароридан хавотир билдирди.
“Бош котиб Россиянинг қарорини Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузиш деб ҳисоблайди”, деган БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик. Унинг сўзларига кўра, Гутерриш бу ҳаракат “БМТ Низоми тамойилларига зид” эканини кўрсатди.
У Украина атрофидаги вазиятни Минск келишувларига мувофиқ тинч йўл билан тартибга солишга чақирди ва “вазиятга алоқадор барча томонлар жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларга эътибор қаратишлари керак”, деб таъкидлади.
ЕХҲТнинг амалдаги раиси ва Польша Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Путиннинг қарорини қоралаб, Россия Федерациясини Украинага ҳарбий босқиндан тийилишга чақирди.
“Президент Путиннинг қарорига келсак, биз Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз. Биз Россия Федерациясини ушбу аянчли қарорни амалга ошириш учун ҳар қандай ҳарбий аралашувдан тийилишга ва узоқ муддатли халқаро муносабатларга таъсирини кўриб чиқишга чақирамиз”, деган Рау.
ЕХҲТнинг Украина ва Уч томонлама алоқа гуруҳи бўйича махсус вакили, элчи Микко Киннунен “бугунги қарор янги жанговар ҳаракатлар ва қон тўкилишига олиб келмаслиги” муҳимлигини таъкидлади. У Уч томонлама алоқа гуруҳи форматида тинч йўл билан ҳал этиш бўйича мулоқотни давом эттиришга ҳали ҳам тайёр эканини қўшимча қилиб, “дипломатия ва музокаралар муқобил йўқ” эканини таъкидлади.
Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Президенти Тини Кокс Россияни ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини бекор қилишга ва келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга чақирди.
“Европа Кенгаши Бош котиби Мария Пейчинович-Буричнинг Россия Федерацияси томонидан Донецк ва Луганск вилоятларининг “халқ республикалари” деб аталувчи ҳудудларни тан олиши халқаро ҳуқуқнинг ва Донбассдаги можарони ҳал қилиш учун ягона асос бўлиб қоладиган Минск келишувларининг бир томонлама бузилиши ҳисобланади, деган баёнотига қўшиламан”, дейилади баёнотда.
Кокс, шунингдек, Ассамблеяга ушбу масалани шошилинч равишда, шу жумладан 11 март куни Берлиндаги Доимий қўмитада кўриб чиқишни таклиф қилиш ниятини эълон қилди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия Федерациясининг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини қоралади. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказади, можарони ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни йўқ қилади ва Минск келишувларини бузади”. Столтенберг Россияни “дипломатия йўлини танлашга” ва “халқаро мажбуриятларига мувофиқ Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетишга” чақирди.
Маълумот учун, Путин ДХР ва ЛХРни тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаши билан Россия фонд биржалари бунга акс садо берди. Мамлакат иқтисодиётини тутиб турадиган давлат компаниялари акциялари кескин арзонлашди.
LiveБарчаси