“Қора душанба”. Йирик рус компаниялари Путиннинг қароридан “ларзага келди”
Олам
−
22 Февраль 2022
26924Россия Федерацияси фонд бозори Донбассдаги вазиятнинг ҳарбий кескинлашуви туфайли “Москва биржаси” ва РТС индекслари бўйича 2020 йил ноябрь ойидаги даражага тушиб, ўз тарихида янги “қора душанба”га кирди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берган.
Индексларнинг орқага қайтиш кўлами COVID-19 пандемиясининг бошида — 2020 йил март ойидаги қулашни қайта қайд этди, шу билан бирга “Москва биржаси”да акциялар савдоси ҳажми тарихий максимал даражага етди ва 505 миллиард рублдан ошди.
Асосий савдолар натижасида “Москва биржаси” индекси 3036,88 пунктга, РТС индекси 1207,5 пунктга, “Москва биржаси”да кўпчилик “кўк фишкалар” нархи 18,3 фоизга тушди. Бир кун давомида “Москва биржаси” индекси асосидаги акциялар савдосининг умумий ҳажми 505,353 миллиард рублни ташкил этди. АҚШ доллари 78,7 рублга кўтарилди.
Маълумотларга кўра, “Аэрофлот” (-15,8 фоиз), ВТБ (-17,3 фоиз), “Газпром” (-10,1 фоиз), “Норникель” (-5,8 фоиз), “Интер РАО“ (-10 фоиз), “ЛУКОИЛ” (-6,9 фоиз), “ММК” (-8,9 фоиз), “МТС” (-4,7 фоиз), “Магнит” (-9,8 фоиз), “Москва биржаси” (-8,2 фоиз), “НЛМК” (-8 фоиз), “Роснефть” (-18,3 фоиз), “Ростелеком” (-7,5 фоиз), “РусГидро” (-8,4 фоиз), Сбербанк (-16,9 фоиз ва -17,1 фоиз), “Северстал” (-6,2 фоиз), “Сургутнефтегаз” (-10,3 фоиз), “Татнефть” (-9,6 фоиз) ва “ФСК ЕЭС” акциялари (-13,2 фоиз) арзонлашган.
“Москва биржаси” маълумотларига кўра, бугун, 22 февраль кунги савдолар бошида Россия фонд бозори 5,45 фоизга пасайган.
Маълумот ўрнида, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонни имзолаш маросимида ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Шундан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден Россия томонидан ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини (ДХР ва ЛХР) тан олиниши муносабати билан айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди.
LiveБарчаси