Фақат ош билан маъракага борадиган маҳалла раислари керак эмас – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Янги Ўзбекистонга фақат ош билан маъракага борадиган маҳалла раислари керак эмас. Энди “яхши маҳалла раиси” деб таъриф берилганларнинг маҳалласида қанча ишсиз, қанча кам таъминланган оила, қанча ногиронлиги бор шахслар яшашишига қараб, уларнинг меҳнатига баҳо берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 февраль куни пойтахт Тошкентдаги “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасида ўтказилган учрашувда гапирган. 

Шавкат Мирзиёев йиғилишда Япония ҳамда қатор ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш кераклигини таъкидлаб, маҳалла раислари фаолиятини танқид қилди. 

Президент ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида давлат мукофотлари топшириш бўйича қатор маҳалла раисларининг рўйхати “яхши маҳалла раиси” дея эътироф этилиб, унга киритилишини айтаркан, Тошкент шаҳар ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевга юзланиб, шундай дейди: 

“Мустақилликка сенга ё менга ёққан одамни эмас, халққа меҳнат қилган одамни бергин. Лекин унга айтгин: мана бу ишни қилсангиз, бу медаль берилади ёки унвон бўлади. Президент ваъда берган. Мен розиман”. 

У унвонлар ҳақидаги фармонларга киритилаётган маҳалла раисларига шунчаки “яхши маҳалла раиси” деб таъриф берилаётганини танқид қилди. 

“Менга маҳалла раисини бу яхши деб олиб келишяпти. У қандай яхши маҳалла раиси бўлиши мумкин?! Ичини салгина кавласак, маҳҳаласида мингтадан ишсиз бор, ногиронлари бор, ертўлаларни сув босиб ётибди, жиноятчилик, адашганлар тўлиб ётибди. Олдинги замон тугади. Фақат ош билан маъракага борадиган маҳалла раислари керак эмас. Мен бўлмасам, ким гапиради. 

Ҳар бир дақиқамиз ғанимат. Бирорта бой давлат [соат] 4:00 дан ош тортмайди минг килолаб. Биз эса мусобақа ўйнадик: ким 1 000 дамлайди, ким 500 дамлайди, ким 200 дамлайди... Шуларни ҳаммасини жой-жойига қўймасак, эртага биз айтган топшириқлар барибир амалга ошмайди", дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

680

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг