Россия ё Украина? Эрдўған кимнинг тарафидалигини очиқ айтди
Олам
−
22 Февраль 2022
74764Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Донецк ва Луганск деб аталувчи республикаларни тан олиш қарорини “қабул қилиб бўлмас” деб атади.
Эрдўған Конго Демократик Республикасидан Сенегалга кетаётганида унга ҳамроҳлик қилаётган журналистлар билан суҳбатда томонларни соғлом фикр ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилишга чақирди.
У Ғарбнинг Украина атрофидаги инқирозга муносабатидан норозилигини билдирди.
“АҚШнинг Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасидаги баёнотлари ва ғалати қадамлари нимага қаратилгани тўлиқ аниқ эмас. Менимча, Мюнхен конференцияси НАТО тадбири доирасидан чиқиб кета олмади. Туркия инқироз бошидан бери тарангликни камайтириш зарурлигини эълон қилиб, самимий қадамлар ташлади. Бизнинг чақирувларимиз жуда аниқ эди”, деб эслайди Туркия раҳбари.
Эрдўған Туркия ТИВ баёнотига эътибор қаратди, унга кўра Россиянинг Донецк ва Луганск деб аталувчи республикаларни тан олиш қарори Минск келишувларини бузиш ҳисобланади.
Унинг фикрича, Москванинг қарори Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг сиёсий бирлигини очиқдан-очиқ бузишдир.
“Биз Россиянинг қарорини номақбул деб ҳисоблаймиз. Биз томонларни соғлом фикрлашга ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилишга чақирамиз”, деди Президент Эрдўған.
Эрдўған Туркия Қораденгиз минтақаси давлати сифатида Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги кескинлик муносабати билан бир қатор чора-тадбирларни тайёрлаб, амалга ошираётганини таъкидлади.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари, шунингдек, Туркия ва Германия иштирокида йиғилиш ўтказиш ҳақидаги чақириғини изоҳлар экан, Эрдўған шундай дейди:
“Агар ушбу ташаббус мулоқот натижаларини амалга ошириш учун майдон бўлса, Туркия унда иштирок этишга тайёр. Зеленскийнинг таклифи ижобий ёндашувнинг намойишидир ва агар у қўллаб-қувватланса, биз муҳокамаларда қатнашишга тайёрмиз”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 февраль куни Эрдўған Киевга бориб, Зеленский билан ёпиқ эшиклар ортида мулоқот ўтказиб қайтди. Ушбу учрашувда Украинада Туркия билан ҳамкорликда “Bayraktar” учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш кенгайтирилишига келишилди.
Якунда ОАВга баёнот берган Эрдўған Туркиянинг Украина, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетини қўллаб-қувватлаш масаласидаги позицияси ўзгармас бўлиб қолаётганини урғулаган.
Украинадан қайтишда журналистлар билан мулоқот қилган Эрдўған, Агар Россия Киев билан кескинликни камайтиришда Туркиянинг воситачилигини маъқулласа ва Владимир Путин Украина Президенти билан учрашув таклифини қабул қилса, Зеленский ўша заҳоти Туркия раҳбари айтган жойга етиб келишга тайёрлигини билдирди.
LiveБарчаси