Эрдўғандан Путин учун аламли баёнот. Туркия Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмайди

Олам

image

“Туркия Қора денгиз минтақасидаги икки қўшни дўст давлат [Украина ва Россия] ўртасидаги зиддиятга барҳам бериш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр. Биз етакчилар [Зеленский ва Путин] учрашувини ташкил этишга ёки техник музокаралар учун платформа тақдим этишга ҳозирмиз”. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 3 февраль куни Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида айтиб ўтди. 

Эрдўған Туркиянинг Украина, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетини қўллаб-қувватлаш масаласидаги позицияси ўзгармас бўлиб қолаётганини урғулаган. 

“Биз Президент Владимир Зеленский ва Украинанинг бошқа расмий идоралари вакилларининг соғлом фикр ва мулоқот устуворлигига асосланган позициясини олқишлаймиз. Анқаранинг позицияси шундан иборатки, оловга мой қуйиш эмас, балки кескинлик даражасини пасайтиришга ҳаракат қилиш керак”, дейди Туркия раҳбари. 

Туркия раҳбари Донбасс можаро зонасида ЕХҲТнинг Украинадаги махсус кузатув миссиясининг ролини муҳим деб атаган. 

“Донбасс можароси зонасида мониторинг масаласида биз ЕХҲТнинг Украинадаги махсус кузатув миссиясининг ролини муҳим деб биламиз. Ташкил этилганидан буён турк дипломатлари раҳбарлик қилиб келаётган ушбу миссиянинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, бу инқироз Минск келишувлари ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги нуқтаи назаридан халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ тинч ва дипломатик йўллар билан ҳал қилинади”, дея давом этди Эрдўған. 

Давлат раҳбари Туркия ва Украина ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган. 

“Туркия-Украина музокаралари ва имзоланган келишувлар икки давлатнинг стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга бўлган хоҳиш-иродаси кўрсаткичидир”, деган Эрдўған. 

Туркия Арезиденти Украина раҳбари билан музокаралар чоғида бу мамлакатдаги ватандошлар, хусусан, қрим-татарларнинг аҳволини ҳам муҳокама қилганини айтди. 

Эрдўған, Қрим татарлари Туркия ва Украина ўртасидаги тарихий дўстлик кўпригини ташкил қилганини қайд этган. 

Украина раҳбари, ўз навбатида, Туркия Президентига Украина ва Россия ўртасидаги кескинликни камайтириш бўйича воситачилик ташаббуси учун миннатдорлик билдирган. 

“Сизнинг ташрифингиз Украина билан оғир дамларда айнан ким турганлигининг кўрсаткичидир. Мамлакатимиз буни унутмайди”, деган у. 

Маълумот учун, икки давлат раҳбарлари иштирокида 8 та ҳукуматлараро ҳужжат, жумладан, Эркин савдо тўғрисидаги битим имзоланди. 

Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2021 йилнинг 10 апрель куни  Зеленский билан Истанбулда бўлиб ўтган музокараларда Анқара “Қримнинг аннекциясини” тан олмаслик қарорини тасдиқлашини айтганди. Шунингдек, у Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

1094

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг