Эрдўған Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлади
Олам
−
11 Апрель 2021
7588Аввалроқ, Украина Президент Владимир Зеленский Туркияга ташриф буюриб, Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Ташриф давомида Президентлар раислигида Туркия-Украина олий даражадаги ҳамкорлик кенгашининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якуни бўйича давлат раҳбарлари 20 пунктдан иборат декларация имзолади.
Қайд этилишича, Туркия ва Украина Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда Владимир Зеленский Украинанинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлаган.
“Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш истиқболларини, хусусан унинг яқин келажакда аъзолик бўйича ҳаракатлар режасига эга бўлишини қўллаб-қувватлашга қарор қилинди”, дейилади ҳужжатда.
Томонлар иқтисодиёт, савдо, сайёҳлик, хавфсизлик, мудофаа саноати, илм-фан, таълим ва ёшлар соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олган. Бундан ташқари, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг барча шакл ва кўринишига қарши курашда ўзаро алоқаларни кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Томонлар трансмиллий жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва одам савдосининг олдини олишга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишга келишиб олган. Битимлардан бири “экстрадиция бўйича сўровларни тезкор кўриб чиқиш”ни таъминлашга тегишли.
Киев ва Анқара икки томонлама ва кўп томонлама механизмлар, шу жумладан НАТО доирасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Қора денгиз минтақасидаги ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаган. Томонлар, шунингдек, эркин савдо шартномаси бўйича музокараларни якунлаш бўйича ишларни тезлаштиришга қарор қилган.
НАТО томон талпинаётган Киев
Донбассда ҳарбий ҳаракатларнинг кескинлашуви фонида Украина НАТОга қўшилиш масаласини кўтарди. 5 ва 6 апрель кунлари Украина Президенти Владимир Зеленский НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Буюк Британия ва Канада Бош вазирлари Борис Жонсон ва Жастин Трюдо билан музокаралар ўтказди.
Ўз навбатида, АҚШ, Буюк Британия, Латвия ва эндиликда Туркия ҳам Украинанинг НАТОга қўшилиши маъқуллаган бўлса, Россия эса аксинча, буни салбий баҳоламоқда.
“Украинанинг НАТОга қўшилиши мамлакатнинг ички муаммоларини қандайдир тарзда ҳал қилишига ёрдам беришига шубҳа қиламиз. Бу Донбассдаги вазиятни фақат оғирлаштириши мумкин”, деган эди Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь