Зеленский Эрдўғаннинг ҳузурига келди. Туркия кучларининг Қорабоғдан кейинги манзили Донбассми?

Таҳлил

image

Бугун, 10 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский ишчи сафари билан Туркияга етиб келди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар бермоқда

Украина Президенти Владимир Зеленскийга рафиқаси Елена Зеленская ҳамроҳлик қилмоқда. 

Бугун Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. 

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, ташрифнинг асосий мавзулари мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик, эркин савдо шартномаси ва туризм бўлади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Россия ва Украина ўртасидаги Донбасс минтақасида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашди. Ушбу минтақа 2014 йилда Украинада ички сиёсий муҳитнинг мувозанатдан чиқиши оқибатида можароли ҳудудга айланган. Гап шундаки, Украинанинг шарқий вилоятлари ҳисобланган Донецк ва Луганск 2014 йилги воқеалардан сўнг, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилди. 

Украинанинг мақсади мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш. Бунинг учун ҳозирда Зеленский халқаро ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Хусусан, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик бугунги Туркияга қилинган ташриф дастуридан ҳам ўрин олган.

Эрдўғаннинг Путинга қарши “юриши”

Охирги йилларда Туркия минтақадаги муаммоли ҳудудлар билан боғлиқ вазиятларнинг асосий ўйинчисига айланиб бормоқда. Хусусан, Озарбайжон Эрдўған ва Туркия мудофаа кучларининг ёрдами билан 30 йил давомида Арманистон ишғоли остида бўлган ҳудудларини озод қилди. Бунда Баку асосий ёрдамни Анқарадан олгани аниқ эди. Сўнгги воқеалар кетма-кетлигига эътибор қилинса, Анқаранинг навбатдаги қадами Донбассга бўлишини пайқаш қийин эмасдек. Албатта, бу ҳозирча тахмин. Боиси, кеча Туркия Республикаси Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Федерацияси Президент Владимир Путин билан ҳам телефон орқали мулоқот қилганди

Қолаверса, АҚШ Украинани “Россия агрессиясидан” ҳимоя қилиш учун Қора денгизга ўз ҳарбий кемаларини юборган. Бундан ташқари, Украина НАТО аъзосига айланиш йўлида фаол қадамларни ташламоқда. Ўз навбатида Ўрта ер денгизидан Қора денгизга ўтиш йўлини назорат қилувчи Туркия АҚШ ҳарбий кемаларининг Қора денгизга киришини маълум қилди.  

Шунингдек, бу Зеленскийнинг охирги олти ойда Туркияга қилаётган иккинчи ташрифи. Украина раҳбари 2020 йилнинг октябрь ойида ҳам Туркияда бўлганди.

Ушбу учрашувда "Туркия Украинанинг, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлигини ҳамда мамлакатнинг сиёсий бирлигини қўллаб-қувватлашни давом эттиради", деган эди Туркия раҳбари. 

Халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрларига содиқлигини таъкидлаган Туркия, халқаро тан олинган чегаралар доирасида Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини шартсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор урғулаб, Украина томонидан бошланган Қрим платформаси доирасидаги ҳамкорликни мамнуният билан қабул қилган.

Улар Қримни ва Севастопол шаҳрини ишғол қилмаслик, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим ҳудудлари устидан назоратини тиклашга қаратилган ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олгандилар. 

Томонлар, шунингдек, босиб олинган Қрим ва Севастопол шаҳрида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, Украинанинг барча ноқонуний ҳибсга олинган фуқароларини озод қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни давом эттириш ниятларини билдирган.

Орадан кўп ўтмай, Владимир Путин Эрдўғаннинг муносабатига қарши жавобини айтган:

“Туркия Президентининг Қрим бўйича баъзи интилишларига келсак: мен буни билмайман. Менга бу қизиқмас, негаки Россия манфаатлари ишончли ҳимояланган. Бунга бир сония ҳам шубҳа қилмасангиз бўлади”, деган эди Путин “Валдай” мунозара клуби сессиясида

Туркия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик

2019 йилда Украина Туркиядан 6 та “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий самолётларини ва учта қуруқликдаги бошқарув станцияларини тахминан 69 миллион АҚШ долларига сотиб олди.

Фото: “Bayraktar”

2020 йил 6 октябрда Украинанинг “Укрспецекспорт” мудофаа концерни бош директори Вадим Ноздря Киев “Bayraktar TB2”ни Туркия билан биргаликда ишлаб чиқаришдан манфаатдор экани ва 48 дона қўшма ишлаб чиқариладиган учувчисиз ҳарбий самолёт сотиб олиш ниятида эканини маълум қилганди.

2020 йил 14 декабрда Украина Мудофаа вазирлиги ва Туркиянинг Мудофаа саноат идораси ўртасида учувчисиз ҳарбий сомолётлар ҳамда Корвет – сувусти ҳарбий кемаларини ишлаб чиқариш ва технологиялар алмашиш бўйича бир қатор шартномалар имзоланган.

Фото: Корвет – сувусти ҳарбий кемаси

Корвет кемаларини Туркия билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш Қора денгизга чиқиш имконияти бўлган Украининг Николаев шаҳридаги “Океан” кемасозлик заводида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Дастлабки корветни Туркияда ишлаб чиқариш кутилмоқда, ундан кейинги ишлаб чиқариш Украинада амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

292

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг