Қаршида авиакомпания ёлғони сабаб 150 киши аэропортда тўпланди
Жамият
−
22 Февраль 2022
5263Бугун, 22 февраль куни рейс амалга ошириладиган аэропорт борасида йўловчиларга чалкаштирувчи маълумот берилгани оқибатида Қарши ҳаво бандаргоҳида одамлар тўпланди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ хабар қилди.
Компания хабарига кўра, Москвага учиб кетиш учун отланган йўловчилар бугун тонгда Қарши аэропортига тўплана бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 08:00 га келиб, аэропортга 150 га яқин одам тўпланган.
Ваҳоланки ушбу аэропорт жадвалида бундай парвоз бўлмаган. Россиянинг “Red Wings” авиакомпаниясининг ВЗ-4492 парвози Қарши эмас Навоий аэропортидан соат 15:00 да амалга оширилиши белгиланган.
Лекин йўловчилар Easy Booking ва Atlas Avia tour онлайн хизматлари орқали харид қилинган чипталарда жўнаб кетиш шаҳри - Қарши, жўнаш вақти эса – 08:00 деб кўрсатилган бўлган.
Қарши аэропортининг тушунтиришича, баъзи авиакассалар бир шаҳардан учаётган парвозга йўловчилар етишмаслигини бошқа шаҳар орқали чипта сотиш йўли билан қоплайди. Ушбу мақсадда чипта сотиш вақтида улар йўловчиларга парвоз учиш шаҳри ҳақида атайлаб нотўғри маълумот берган.
Лекин бундай ҳолда улар йўловчиларга бепул трансфер ташкил қилиб беришлари керак, аммо бугун Қаршидан Навоийга ҳеч қандай трансфер ташкил қилинмаган. Йўловчилар қўшни шаҳарга ўз ҳисобидан таксида боришга мажбур бўлган.
“Навоий” аэропортида маълум қилинишича, терминалга ВЗ-4492 рейси йўловчилари кела бошлаган. Парвоз учун рўйхатдан ўтиш маҳаллий вақт билан соат 12:00 да бошланган.
LiveБарчаси