Чеченистоннинг элита бўлинмаси Украинага қайтди – Қодиров (видео)
Олам
−
12 Сентябрь 2022
16222Чеченистон Республикасининг элита бўлинмалари тақдим этилган дам олишдан сўнг депутат Адам Делимханов бошчилигида Украинадаги “махсус ҳарбий операция” зонасига қайтди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Ҳурматли биродарим, Россия “Қаҳрамони”, Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати Адам Делимханов Чеченистон Республикаси бўлинмаларига бошчилик қилиб, Украина ва ДХР ҳудудида махсус ҳарбий операция топшириқларини бажаришга киришди”, деб ёзган у.
Унинг қўшимча қилишича, Мариуполь, Северодонецк, Лисичанск, Попасна ва бошқа шаҳарлар “озод этилганидан” кейин элита жангчилари таътилга чиққан, ҳозир эса улар олдинги чизиққа қайтган.
“Ўтмишда мен сизга яхши хабар кутинг, деб айтгандим ва менинг сўзларимдан кейин сиз уларни доим олгансиз. Ҳозир ҳам сабр қилинг ва жангчиларимиздан олдинги чизиқдан ажойиб натижаларни кутинг. Улар, албатта, бўлади!”, дея хулоса қилган Қодиров.
Аввалроқ Рамзан Қодиров Украинанинг Харьков вилояти шаҳарлари устидан назорат Россия қўшинлари томонидан қайтарилишига ишонч билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни кечга бориб Президент Зеленский ой бошидан бери Украина Қуролли Кучлари мамлакатнинг Россия босқини остида қолаётган 2000 километрга яқин қисмини озод қилганини айтганди. Кейинроқ Харьков вилоятидаги Василенково ва Артемовка аҳоли пунктлари рус босқинчиларидан тозалангани айтилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси