Қодиров Украина қўлига ўтган Харьков шаҳарлари яна босиб олинишини айтди

Олам 15441
image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Харьков вилояти шаҳарлари устидан назорат Россия қўшинлари томонидан қайтарилишига ишончи комил. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган аудиоёзувда сўз очди. 

Кеча, 10 сентябрь куни Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили генерал-лейтенант Игорь Конашенков Донбассни “озод қилиш” бўйича “махсус ҳарбий операция”нинг белгиланган мақсадларига эришиш учун Донецк йўналишидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида Балаклей ва Изюм вилоятларида жойлашган Россия қўшинларини қайта тўплаш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтганди. 

“[Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги] вазиятга ойдинлик киритди, шунинг учун улар Изюм, Купянск, Балаклей шаҳарларини Харьков йўналиши бўйича тарк этишди. Бу ҳаётни йўқотишнинг олдини олиш учун ҳарбий стратегия туфайли мажбурий чора эди. Бу мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Мен, Рамзан Қодиров, сизга расман айтаманки, бу шаҳарларнинг барчаси қайтарилади. Бизнинг одамлар аллақачон у ерда – бу иш учун махсус тайёрланган йигитлар. Яна 10 минг жангчи кетишга тайёр. Ва биз яқин орада Одессага етиб борамиз ва аниқ натижаларни кўрасиз”, дейди Қодиров. 

Шунингдек, у келажакда Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятига мурожаат қилиб, вазият бўйича ўз қарашларини айтиш ниятида эканлигини таъкидлади.

“Агар бугун ёки эртага “махсус ҳарбий операция” ўтказиш стратегиясига ўзгартириш киритилмаса, мен Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва мамлакат раҳбариятига минтақадаги вазиятни тушунтириш учун мурожаат қилишим керак. Вазият жуда қизиқ. Бир қанча шаҳар ва қишлоқлар берилганининг ижобий томонлари ҳам бор. Биз, рекламасиз, одамларимизни ишга туширдик, улар жойида махсус топшириқда эдилар, улар ўрнидан туриб, ўз ишларини бошладилар”, дея қўшимча қилган Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни кечга бориб Президент Зеленский ой бошидан бери Украина Қуролли Кучлари мамлакатнинг Россия босқини остида қолаётган 2000 километрга яқин қисмини озод қилганини маълум қилганди. Кейинроқ Харьков вилоятидаги Василенково ва Артемовка аҳоли пунктлари рус босқинчиларидан тозалангани айтилди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 387
Рейтинг: 3
t
×