Бир ёмғирли туннель, Twitter ва Facebook’дан чиқиб кетишга чорлаётган Трамп, яна бир янги штамм – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
04 Январь 2022 5417 9 дақиқа
Жамият
Қашқадарёда “замҳоким” ҳоким ёрдамчиларини 1 январь куни ҳам ишлатган
Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев жорий йилнинг 1 январь куни расман дам олиш куни бўлишига қарамасдан, ҳоким ёрдамчиларини ишга чақиргани маълум бўлди. Унинг бу "чорлов"и акс этган суратни блогер Отабек Ортиқов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади.
Суратдаги ёзишмаларда Қашқадарёдаги ҳоким ёрдамчилари ва раҳбарларнинг Telegram -гуруҳида вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев 1 январдан вилоятдаги барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаши кераклиги ҳақида "огоҳлантириш" берганини кўриш мумкин.
3 вилоятдаги 13 та туманда махсус солиқ ставкалари жорий этилади
Ўзбекистонда шароити “оғир” бўлган туманлар учун махсус солиқ ставкалари ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Бу махсус ставкалар Қашқадарё вилоятининг 5, Навоий вилоятининг 4 ва Тошкент вилоятининг 4 туманида амал қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Фармон лойиҳасида қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани учун махсус солиқ ставкаларини ўрнатиш тажрибаси асосида шароити “оғир” бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилади.
Боласи хусусий боғча ва мактабга борадиган ота-оналарга солиқ имтиёзи берилади
Фарзандларини хусусий боғча ва мактабга берган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
а) 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади.
• Фармон лойиҳасида Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи лойиҳаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган;
Ички ишлар вазирига йўлларда ўлим сонини камайтириш вазифаси қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга йўлларда ўлим ҳолатларини қисқартириш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Фармон лойиҳасига кўра, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда ўлим ҳолатларини қисқартириш бўйича дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Самарқандда 14 миллион долларга қурилган туннель битта ёмғирга ҳам чидай олмади
Ижтимоий тармоқларда 2021 йилнинг 31 декабрь куни фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги туннелнинг тепа қисмидан сув ўтгани акс этган видео тарқалди. Унда қайд этилишича, 14 миллион доллар эвазига 3 йил давомида қурилган туннель 3 кунга бормай нурашни бошлаган.
Ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири Самарқанд вилояти ҳокимлиги Матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев билан мулоқот қилди.
Мирзаевнинг сўзларига кўра, туннель ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган, қурилиш ишлари эса давом этмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан “1-Кўприк қурилиш отряди” директор ўринбосари Азимбек Мирзаев расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, кўприк ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган, қурилиш ишлари жорий йилнинг январь ойида ўз ниҳоясига етади. Сув ўтишига ташқаридан келган чиқиндиларнинг сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга тиқилиб қолгани сабаб бўлган.
“Қурилиш ишлари якунлангандан сўнг, бундай ҳолат кузатилмайди. Чунки ҳамма нарса ўйлаб қилинган, чизмалари бор, фақат охирига етмагани учунгина шу ҳолат юз берди”, дейди Азимбек Мирзаев.
Қашқадарё ҳокимлиги Гавҳар Алимованинг феодализм айбловига жавоб қайтарди
Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг кўрсатмаси билан вилоят ҳудудидан чигитни олиб чиқишга тақиқ қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров ушбу ҳолатни ўрта асрлардаги феодаль тузумга қиёслаганди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати чигитлар ортилган юк машиналари нима сабабдан тўхтатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам 2021 йил 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситалари тўхтатилган.
Ички ишлар ходимларига ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги 94 тонна чигит маҳсулотини “OQ SAROY KLASTER” МЧЖдан “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖга жўнатилганлиги ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган. Лекин, тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олганлиги тўғрисида электрон “Тикет”, шартнома ва ишончнома бўлмаган.
Тезкор: 1 январдан автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилинди. Шунингдек, “2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунни қабул қилиниши ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари ҳам камайди.
“2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунда қайд этилишича, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинган.
Расман: Ўзбекистон 2022 йилда қанча қарз олиши белгиланди
Ўзбекистоннинг 2022 йилда оладиган давлат қарзи миқдори белгиланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида сўз боради.
Қонуннинг 10-моддаси айнан Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш ҳақида бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги кераклиги урғуланади.
Олам
Диққат! Коронавируснинг янги штамми аниқланди
Франциянинг Марсель шаҳрида коронавируснинг янги штамми аниқланди. Бу ҳақда Марселдаги Юқумли касалликлар институти олимлари тадқиқотига асосланиб хабар берилган.
Тадқиқотга кўра, Франция жануби-шарқидаги шаҳарлардан бирининг 12 нафар аҳолисида коронавирус вариантлари билан боғлиқ мутацияларни аниқлаш тестлари “нотипик комбинация”ни кўрсатган.
Биринчи марта B.1.640.2 деб номланган коронавируснинг янги варианти 2021 йил ноябрь ойида Камерундан қайтган одамда аниқланган. Вирус геномини таҳлил қилиш натижасида 46 та мутация аниқланган.
Дунёнинг беш ядровий державаси келишиб олди
Дунёнинг бешта ядровий кучга эга мамлакати жорий йилнинг охирида ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш ва ядро урушларига йўл қўймаслик бўйича қўшма баёнот имзолайди.
Бу ҳақда кеча, 3 январь куни эълон қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг қўшма баёнотида сўз боради.
Баёнотда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой ва Франция ядровий давлатлар ўртасидаги урушнинг олдини олиш ва стратегик хавфларни камайтиришни ҳамда дунёнинг барча давлатлари билан хавфсизлик муҳитини яратиш учун ҳамкорлик қилишни ўзларининг асосий мақсади деб билишади.
Илон Маскнинг бойлиги кескин ошиб кетди
Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг бойлиги Tesla компанияси акцияларининг сезиларли даражада ошиши натижасида бир кунда 32,6 миллиард долларга ортиб, 304,2 миллиард долларга етди. Буни реал вақт режимида ўтказиладиган Forbes миллиардерлар рейтинги маълумотлари тасдиқлайди.
Натижада Маск яна 300 миллиард доллардан ортиқ бойликка эга одамга айланди. 2021 йилнинг ноябрида у тарихда биринчи марта шундай натижага эришганди.
Туркия рекорд ўрнатди
Туркиянинг 2021 йилдаги экспорти 225,36 миллиард долларни ташкил этди. Бу республика учун мутлақ рекорддир. Бу ҳақда кеча, 3 январь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
“Ўтган йилга нисбатан 2021 йилда экспорт ҳажми 32,9 фоизга ошиб, 225,36 миллиард долларни ташкил этди. Бу рекорд кўрсаткич”, дейди Президент.
Трамп барчани Twitter ва Facebook’дан чиқиб кетишга чорламоқда
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Twitter’ни демократия учун шармандалик деб атади. Бу ҳақда собиқ Президентнинг матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.
Трамп коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор Гриннинг Twitter’даги аккаунти блокланишига изоҳ берган. 2021 йил 6 январда Трампнинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан сўнг, унинг ўзи ҳам Twitter’да бутунлай блокланганди.
Спорт
Роналду сардор бўлган ўйинда “Ман Юнайтед” мағлуб бўлди
Кеча, 3 январь куни Англия Премьер лигасининг 21-тури доирасида “Манчестер Юнайтед” ўз майдонида “Вулверхэмптон”ни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Кригтиану Роналду жамоага қайтганидан сўнг, илк марта МЮни сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Бу манкунианликлар учун Ральф Рангник мураббий этиб тайинланганидан буён, илк мағлубият сифатида қайд этилди.
Учрашув қаҳрамони 82-дақиқада гол урган “бўрилар” ярим ҳимоячиси Жоау Моутиньо бўлди.
“Манчестер Юнайтед” 0:1 “Вулверхэмптон”
Гол: Моутиньо
“Ювентус” Мората сабаб “Барселона”дан норози бўлмоқда
“Ювентус” Альваро Мората трансфери борасида “Барселона”нинг юритаётган сиёсатидан норози. Қайд этилишича, каталонияликлар бош мураббийи Хави ҳужумчи билан клуб розилигисиз келишувга эришган. Туринликлар устози Массимилиано Аллегри эса испаниялик ҳужумчини қўлдан бой бермасликка бел боғлаган.
“Ювентус” Мората ўрнига ўринбосар топилсагина унинг жамоадан кетишига рухсат беради, бироқ трансфер бюджети чеклангани учун январь ойида унга мос ўринбосар футболчи сотиб ололмайди.
У оғир вазннинг янги қироли бўлади – “Канело” енгилмас кубалик ҳақида
Профессионал бокснинг супер ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони Сауль Альварес кубалик боксчи Фрэнк Санчес (20-0) супер оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлишига ва барча рақибларини мағлуб эта олишига ишонмоқда.
“У жаҳон чемпиони бўлади ва оғир вазн тоифасидаги барча рақибларини супуриб ташлайди. Чунки у ўзига хос истеъдод эгасидир. Ишончим комилки, 2022 йил унга катта муваффақиятлар олиб келади”, дейди Альварес.
Live
Барчаси