Қашқадарёда “замҳоким” ҳоким ёрдамчиларини 1 январь куни ҳам ишлатган

Жамият

image

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев жорий йилнинг 1 январь куни расман дам олиш куни бўлишига қарамасдан, ҳоким ёрдамчиларини ишга чақиргани маълум бўлди. Унинг бу "чорлов"и акс этган суратни блогер Отабек Ортиқов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади. 

Суратдаги ёзишмаларда Қашқадарёдаги ҳоким ёрдамчилари ва раҳбарларнинг Telegram -гуруҳида вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев 1 январдан вилоятдаги барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаши кераклиги ҳақида "огоҳлантириш" берганини кўриш мумкин.

"Аллақачон, 2 кун йўқотдинглар, яна бир марта қайтараман, ҳамма эртадан маҳаллада хатловни бошласин. Мен кеча Қарши шаҳар Арабхона маҳалласига, бугун Косон тумани Натибаланд ва Тошкўприк маҳалласига бориб, ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишдим, жуда эътирозлар қилдим, фаолиятини тўғри йўлга қўйиш бўйича тавсиялар бердим. Ҳамма шу 3 та маҳалла ҳоким ёрдамчиларига номзодлар билан нима эътироз билдирганимни гаплашиб олсин. Эртага Қамаши туманидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишаман", дея кўрсатма берган Нодир Эркаев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг декабрь ойи охирларидаги фармони билан иш ҳафтасидан қатъи назар (ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар ҳам) барча ходимлар Янги йил байрами муносабати билан 5 кун (31 декабрдан 4 январгача) дам олиши белгиланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятига 2021 йилнинг ноябридан буён Муроджон Азимов ҳокимлик қилмоқда. У вилоятнинг аввалги раҳбари Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокимлигига тайинланиши ортидан ушбу лавозимни эгаллаганди. Генерал-маёр ҳарбий унвонига эга бўлган Муроджон Азимов бунгача уч йил давомида Божхона қўмитасини бошқарган.

Нодир Эркаев 2021 йилнинг апрелида Қашқадарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланган. У бунгача эса Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида 1 январь куни Вазирлар Маҳкамасида навбатчи бўлганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Qashqadaryo

Баҳолаганлар

409

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар