Тезкор: 1 январдан автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди
Жамият
−
04 Январь 2022
28827Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилинди. Шунингдек, “2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунни қабул қилиниши ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари ҳам камайди.
“2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунда қайд этилишича, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинган.
Натижада, энди автомобиль олди-сотди шартномаларини Йўл харакати ҳавфсизлиги бошқармасидан рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар талаб қилинмайди.
Эслатиб ўтамиз, қонун қабул қилингунга қадар амалда бўлган тартибга кўра, автосалондан янги машина сотиб олганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланар эди.
Агар иккиламчи бозордан машина сотиб олинганда ишлаб чиқилган йилига қараб ҳар бир от кучи учун 29 минг 700 сўмгача йиғим олинарди. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 млн сўм йиғим тўланарди.
Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, “Агар кимдир машина сотиб олгану, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, "генеральная доверенность" олиб ҳайдаб юрган бўлса, унда эндиликда машиналарини ўз номларига ўтказиб олишлари мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божлари ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь